Самарқанд янги аэропорти шу йил 1 сентябрдан ишга тушади
Самарқанд шаҳрида айни дамда қурилиши жадал олиб борилаётган янги аэропорт 1 сентябрдан ишга тушади.
Аэропорт қурилишига хорижий давлатлардан етакчи мутахассислар таклиф қилинган: улар аэропортнинг муҳандислик тармоқларини қурмоқда.
Янги аэропорт энг замонавий хавфсизлик ва санитария-гигиена талаблари асосида, хусусан, пандемия тажрибасини ҳисобга олган ҳолда барпо қилинмоқда.
Янги аэропортнинг қуйидаги хусусиятлари алоҳида эътиборга молик:
- соатига 600+600 кишини кутиб олиши/кузатиши мумкин (олдин 400 киши эди);
- 4 телескопик траплар билан жиҳозланади (аввал бўлмаган);
- 24 та самолёт учун турар жой (олдин 8 та эди);
- учиш-қўниш йўлаги катта самолётларни қабул қилади;
- 4 та кутиш зали мавжуд бўлади;
- 26 та йўловчиларни рўйхатга олиш нуқталари (20 та халқаро + 6 та маҳаллий);
- онлайн регистрация (йўловчилар ва багаж учун алоҳида);
- замонавий хавфсизлик, видеокузатув ва диспетчерлик тизимлари ўрнатилади;
- ҳаво ультрабинафша нурлари лампалари ёрдамида тозаланади;
- эксплуатация муддати 15-20 йил;
Айни дамда Самарқанд халқаро аэропортининг учиш-қўниш йўлаги катта ўлчамли самолётларни қабул қилишга мослаштирилмоқда. Йўлак 95 фоизга қуриб битказилган. У ишга тушганидан сўнг аэропортда “Airbus А-380” дан ташқари, барча турдаги самолётларни қабул қилиш мумкин бўлади.
Янги аэропорт ўз имкониятлари бўйича Марказий Осиёда ягона бўлади. Аэропорт биноси очилган китоб шаклида бўлиб, унинг томида юлдузлар жойлашувига мувофиқ чироқлар ўрнатилади.