Самарқандда 100 та боғча давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилади

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши доирасида вилоят ҳокими Адиз Бобоев халқаро молиявий институт вакиллари билан муҳим учрашув ўтказди.

Унда Бозорларни ривожлантириш ва давлат-хусусий шериклик идораси раҳбари Такео Коике ҳамда 1-маслаҳат бўлими директори Муҳаммад Азим Ҳошими иштирок этди.

Мулоқот давомида томонлар вилоятда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳани муҳокама қилдилар. Хусусан, қарийб 100 та мактабгача таълим муассасасини давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва фойдаланишга топшириш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ушбу ташаббус амалга оширилса, ҳудудда қўшимча ўринлар яратилиб, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси сезиларли даражада ошади. Айни пайтда вилоятдаги 43 та мавжуд боғчани тўлиқ таъмирлаш учун саралаш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, янги қурилишлар учун вилоят ҳокимлиги томонидан қарийб 80 та ер майдони таклиф этилиши режалаштирилган.

Лойиҳани амалга ошириш босқичлари ҳам аниқ белгилаб олинган. Жумладан, 2026 йилнинг иккинчи чорагида икки босқичли тендер жараёнини бошлаш, 2027 йилда эса ғолиб инвестор билан давлат-хусусий шериклик шартномасини имзолаш кўзда тутилган. Қурилиш ишларини 2030 йилга қадар тўлиқ якунлаш режалаштирилмоқда.

Адиз Бобоев янги мактабгача таълим муассасаларини қуришда ҳудудларнинг аниқ эҳтиёжларини инобатга олиш муҳимлигини таъкидлаб, зарур ер майдонларини пухта шакллантириш лозимлигини қайд этди. Шунингдек, мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигига урғу берди.

Учрашув якунида томонлар ушбу лойиҳани самарали амалга ошириш йўлида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.