Самарқандда 164 нафар фуқаронинг уй-жой ва ерга эгалик ҳуқуқи расман эътироф этилди

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги ўн тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда қабул қилинган қарорга кўра, вилоятнинг бир қатор туман ва шаҳарларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мулк ҳуқуқлари қонуний тартибда эътироф этилди.

Жумладан, вилоятимиздаги 164 нафар фуқаро ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва улар устида қурилган уй-жойларига нисбатан мулк ҳуқуқларига эга бўлди. Булунғурлик 35 нафар, каттақўрғонлик 22 нафар, оқдарёлик 8 нафар, жомбойлик 28 нафар, пайариқлик 4 нафар, нарпайлик 31 нафар, пахтачилик 17 нафар, ургутлик 3 нафар, тойлоқлик 2 нафар,  Самарқанд туманидан 12 нафар, Каттақўрғон шаҳридан 2 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган уй-жойларига нисбатан мулк ҳуқуқлари эътироф этилди.

Маълумот учун: Самарқанд вилоятида бугунгача 150 дан зиёд маҳаллада 35 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатлов йўли билан техник инвентаризациядан ўтказилиб, электрон хариталари яратилди. 23 мингдан ортиқ объект УЗКАД ахборот тизимида электрон йиғмажилд шакллантириш учун миграция қилинди ва 21 мингдан зиёди фаоллаштирилди. 14 минг 660 дан ортиқ объект ҳақидаги маълумотлар “ЭЪТИРОФ” ахборот тизимига киритилиб, ваколатли ташкилотлар муҳокамасига юборилган. 

Уларнинг 940 дан ортиғи эълонда, 11030 дан зиёди муҳокама жараёнида, 1420 дан ортиғи адлия органларида, 535 таси таҳрирлашда турибди. 220 дан ортиқ объект бўйича маълумотлар рад этилган, 260 тасининг тўлови кутилмоқда.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати.