Самарқандда 2019 йилда юзага келган 3200 га яқин оилавий ажримда тўйларни дабдабали ўтказиш ҳам сабаб бўлган

Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлигида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибли, ортиқча дабдабасиз ўтказишга бағишланган йиғилишда сўз юритилди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов раҳбарлигида видеоселектор тарзида ўтган анжуманда таъкидланишича, 2019 йилда Самарқандда 32 минг 224 та никоҳ қайд этилган. Шу билан бирга, вилоятда 841 оила қонуний никоҳдан ўтмай, шаръий никоҳ билан яшамоқда. Бундай оилалар биргина, Самарқанд шаҳрида 128 тани ташкил этмоқда.

Ўтган йил вилоят бўйича 3191 та, жумладан, Самарқанд шаҳрида 600 та оилавий ажрим юзага келган. Ушбу ажримларга тўйларнинг ортиқча сарф-харажат, дабдаба билан ўтказилгани ҳам сабаб бўлгани афсус билан қайд этилди.

Хусусан, Тутзор маҳалласида икки ёш оила - бирида келиннинг “тўй харажатларини менинг дадам кўтарди”, деган иддаолари, иккинчисида қайнонанинг “бу келин биз тўйда қилган катта харажатларга арзимайди”, деган важи билан пароканда бўлди.

Навбоғчиён маҳалласида ёш келин-куёв дабдабали тўйдаги қарзларни тўлаш учун хорижга ишга кетиб, ўша ерда янги оилага дарз кетган.

Мақсуд Шайхзода маҳалласидаги янги оила ҳам тўй туфайли олинган қарзларни узиш мақсадида Россияга ишга кетган. Аммо у ерда келин ноқонуний ишларга аралашиб қолиб, озодликдан маҳрум этилган ва бу оила ҳам ажралишган.

Афсуски, бундай мисоллар жуда кўп ва ачинарлиси, бу бошқаларга сабоқ бўлмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашлари томонидан 2019 йил 14 сентябрда “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинган ва бу қарор 2020 йил 1 январдан кучга кирган бўлса-да, ҳали ҳануз ортиқча ҳою-ҳавасга берилган, амалдаги тартибга риоя қилмаган кишилар учраётгани йиғилишда кескин танқид қилинди.

Жумладан, Самарқанд туманининг Хўжа Аҳрор Валий ва Ширинобод маҳаллаларида яшовчи фуқаролар томонидан 4-5 январь кунлари белгиланган қоидаларга зид тарзда тўйлар ўтказилгани, айни пайтда уларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилаётгани қайд этилди.