Судьялар кўриб чиқиши оғир бўлган масала – бу ажраштириш
Келишмовчиликларнинг баъзилари нафақат оила бузилишига, ҳатто ёзишга ҳам арзимайди. Аммо даъвогарнинг хулосаси қатъий: ҳаёт меники бўлгач, сиз нима дейсиз, яшаб бўлмайди бу инсон билан.
Эҳтимол, у ҳақдир. Аммо нега оила аъзолари бундай вазиятга келиб қолиш сабабини таҳлил қилмайди, ўзларини тафтиш қилмайди? Бу иш билан маҳалладаги мутахассислар, «Оила» маркази вакиллари ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари шуғулланмоқда. Ҳатто оилавий ажралишларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум асосида оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва вояга етмаган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ҳам тузилди.
Ушбу дастур ижросига кўра, яқинда Самарқандда кенг жамоатчилик вакиллари, оиласида муаммоси бор фуқаролар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди, вилоят хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, мутахассислар қатнашди. Қуйида давра суҳбати иштирокчиларининг мазкур масала бўйича фикрларини ҳавола этамиз.
Гавҳар АЛИМОВА, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:
- Оилалар ажрашиши билан боғлиқ масалаларда шунчалик кўп муаммолар мавжудки, уларнинг ҳар бири алоҳида ўрганиш, тушунишни талаб этади. Афсуски, кейинги пайтларда учинчи инсон, нафақат учинчи, балки тўртинчи, бешинчи киши аралашуви билан оилалар ажрашиш остонасига келиб қоляпти. Ёш оила яшамоқчи, аммо ёши катталарнинг келишмовчилиги уларнинг тинчлигига рахна солмоқда. Бундай ҳолатлар учраганда, ҳатто келишмовчиликка сабаб қайнона бўлса-да, унга тегишли чоралар кўрилиши мумкин. Сабаби, жойларда келинга тазйиқ ўтказаётган, уни оилада яшаб кетишига имкон бермаётган оналар ҳам учраяпти. Ўз навбатида, оиланинг масъулиятини бўйнига олмаётган ёшлар ҳам бор. Бу муаммоларнинг олдини олишда самарали ишлар олиб бориляпти. Аммо муаммо газак олмасдан унинг олдини олиш лозим.
Гулнора ПАРПИЕВА, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси:
- Яқинда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига ўзгартириш киритилди. Унга асосан 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланди. Бундай ўзгартиришни амалга оширишга сабаб бўлувчи омиллар жуда кўп. Биринчидан, қонунчилигимизда 18 ёшгача бўлган шахслар вояга етмаган ҳисобланиши бўлса, сўровлар, оила институти тадқиқоти натижаларига кўра, эрта турмуш туфайли келиб чиқадиган келишмовчиликларнинг кўплигидир. Ўзбекистон Республикаси давлат статистикаси қўмитасининг ҳисоботларига назар ташлайдиган бўлсак, биргина, 2018 йил давомида вояга етмаган 18 ёшгача никоҳдан ўтган аёлларнинг сони республикамиз миқёсида 4786 нафарни ташкил этса, шундан 1742 таси (36,3 фоизи) Самарқанд вилоятига тўғри келган.
Статистик таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, оиласи парокандаликка юз тутган шахсларнинг аксарияти носоғлом турмуш кечиришга одатланган. Табиийки, бу унинг саломатлиги, хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Яна ҳам аниқроғи, ёлғиз яшаш оқибатида ичкиликни, тараллабедод ҳаёт кечиришни одат қилган шахслар кўпгина ҳолларда турли ҳуқуқбузарлик содир этишдан, жамиятда ўрнатилган ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этмасликдан ўзини тия олмайди, ўзининг хатти-ҳаракатини назорат қилишни сусайтириб юборади. Қолаверса, фарзандидан алоҳида турмуш кечира бошлаган ота ёки она зиммасидаги масъулиятни ҳам секин-аста унутади.
Оқибатда вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ муаммо юзага келади. Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун оилаларнинг барбод бўлишига йўл қўймаслик, ажрашишларнинг сабабларини аниқлаш ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан муайян чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.
Байрамали НОРОВ, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи:
- Ажрашиш арафасида турган оилаларни яраштириш, юзага келган низоларни тинч йўл билан бартараф этиш борасида фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган яраштирув комиссиялари томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти судлари томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 4011 низо кўрилган бўлиб, шундан 2183 та оила яраштириш имкони бўлмагани туфайли никоҳдан ажратилган. 1354 та низо рад этилган, 206 та низо тугатилган, 268 таси кўрилмасдан қолдирилган.
Никоҳдан ажратиш бўйича судга мурожаат қилишнинг асосий сабаблари таҳлил қилинганда оилавий келишмовчилик 2172 та, моддий жиҳатдан қийналганлик 349 та, фарзандсизлик 204 та, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш 111 та, бошқа сабаблар 1175 тани ташкил қилиши маълум бўлди. Бундан ташқари, мазкур аризалар билан судга мурожаат қилганларнинг кўп қисми ёш оилалар, хусусан, 18 ёшдан 25 ёшгача эканлиги кузатилади.
26 ёшдан 35 ёшгача 1858 та, 35 ёшдан юқори эса 759 та аризалар судга келиб тушган. Судлар томонидан тарафларнинг ярашишлари учун кўрилган чоралар, хусусан, маҳаллалар, хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган тушунтириш ишлари, сайёр суд мажлисларида ажрашишнинг ҳақиқий сабабларини аниқлаш борасида олиб борилган ишлари натижасида 155 оила ярашишига эришилган.
Ачинарлиси, судларимиз томонидан 2019 йилнинг 9 ойи давомида оилаларни яраштириш имкони бўлмагани туфайли никоҳдан ажратилган 2183 та оиланинг 491 та вояга етган ва 2394 та вояга етмаган фарзандлари қайсидир маънода отасиз ёки онасиз қолганлигини кузатишимиз мумкин. Шуни алоҳида таъкидлашни истардим, судьялар ўнта ишни кўриб чиқиб, қонун доирасида дарҳол хулоса бериши мумкин. Аммо фарзандни ота ёки онада қолдириш билан боғлиқ ишларни кўриш кишига жуда азоб беради. Гўё эт билан тирноқни ажратаётгандай қийин вазиятга тушамиз.
Давра суҳбати сўнггида ажрашиб кетиш арафасида бўлган 20 оила аъзолари билан суҳбат олиб борилди, 6 оила яраштирилди. Йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан оилавий ажримларнинг оқибатлари юзасидан ишланган ҳаётий видеоролик намойиш этилди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.