Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 4 мингдан зиёд сайловчи муддатидан олдин овоз берди

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари якунланди.

Бу ҳақда Халқаро матбуот маркази вилоят бўлимида бўлиб ўтган анжуманда вилоят сайлов комиссияси раиси С.Нуриев ахборот берди.

Қайд этилганидек, Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланди ва сайловга 3 кун қолганида тўхтатилди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 3 декабрдаги қарорига кўра, бу жараён 12 декабрь куни соат 09:00 да бошланиб, 18 декабрь куни соат 18:00 гача давом этди.

- Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида ўз яшаш манзилида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олиши, сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўйиши белгиланган, - дейди С.Нуриев. – Маълумотларимизга кўра, вилоятимиздаги 1052 та сайлов участкаларидан 373 тасига муддатидан олдин овоз бериш учун аризалар келиб тушган. Сайлов участкаларида 4075 нафар сайловчи муддатидан олдин ўзлари танлаган номзодларга овоз беришди.

Ҳудудлар кесимидаги статистикага қараганда, муддатидан олдин овоз берганлар сони энг кўп Самарқанд шаҳрида қайд этилган. Бу ерда 56-Регистон, 57-Суғдиёна сайлов округлари ҳудудидаги 63 та сайлов участкаларида 866 нафар сайловчи белгиланган тартибда муддатидан олдин овоз берган.

66-Нуробод сайлов округидаги 73 та сайлов участкасида 6 тасида муддатидан олдин овоз берилиб, энг кам кўрсаткич қайд қилинган. Ушбу олтита участкада 77 нафар сайловчи ўзи танлаган номзодларини ёқлаб сайлов бюллетенларини тўлдирган.

Эслатиб ўтамиз, сайловчиларнинг сайлов бюллетени яширин овоз бериш йўли билан тўлдирилгач, тегишли тартибда расмийлаштирилиб, сайлов кунига қадар сақланади.

Ё.ГАДОЕВ.