Самарқандда 5 мингдан ортиқ оила шаърий никоҳ билан яшаётгани аниқланган
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор Гавҳар Алимова билан ЎзА мухбири хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, оиладаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги ютуқлар ва камчиликлар мавзусида суҳбатлашди.
Суҳбат давомида Гавҳар Алимова 2018-2019 йилларда вилоятда 5 мингдан ортиқ оила шаърий никоҳ билан яшаётганини, ҳозирда уларнинг 4 мингтаси ФХДЁдан ўтказилганини айтиб ўтган. 300 нафарга яқин фуқаро қонуний никоҳдан ажрашмаган бўлса-да, бошқа оила қурган.
"Бунда улар тиббий кўрикдан ҳам ўтмай оила қурган. Ўйлаб кўринг, йигит ёки қиз ҳар хил, жумладан, юқумли касалга чалинган бўлиши ҳам мумкин. Яқинда бир аёл йиғлаб келди, шаърий никоҳ билан турмушга чиқиб, эридан сил юқтирган. Яна бир аёлни ўргандим. Турмуш қургач, 6 ойдан кейин соғлиғи ёмонлашган, ҳомиладор бўлсам керак, деган фикрда шифокорга борса, СПИД аниқланган. Мана шаърий никоҳ оқибати. Бундай ҳолатда фарзанд соғлом бўлиши, унинг тақдири гўзал бўлишига ким кафолат беради?", дея қонуний никоҳдан ўтмаслик оқибатлари ҳақида айтиб ўтган сенатор.