Самарқандда Амир Темурга бағишланган конференция бўлиб ўтди

Соҳибқирон Амир Темур таваллудига 687 йил тўлди. Шу муносабат билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида "Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон тараққиётида тутган ўрни" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда халқаро Амир Темур жамғармаси вакиллари, тарихчилар, профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Адҳамбек Алимбеков, Темурийлар тарихи давлат музейи раҳбари Хуршид Файзиев, СамДУ профессорлари Зиёдулла Муқимов, Маҳкамой Турсунова Амир Темурнинг жаҳон тараққиётида тутган ўрни, Соҳибқирон қолдирган бой илмий мерос ҳақида гапирди.

- Амир Темур - буюк шахс, кураги ерга тегмаган саркарда, йирик давлат арбоби, қонуншунос, шу билан бирга эл-юртини, халқини севган ва уни машҳури жаҳон қилган инсон, - дейди Муҳаммад Али. - Амир Темурнинг тарихи кўп жилдлик китоблар ёзишга арзийди. У зот сиймосида халқимизнинг зафарли тарихи, юксак илми, маънавий қудрати, ақл-идроки, ватанпарварлиги, адолати, яратувчанлиги, тадбиркорлиги, келажакка ишончи ва қудратини кўрамиз. Соҳибқироннинг жаҳон тараққиётида тутган ўрни ҳам беқиёс. Буюк бобомиз маънавий қудратимиз рамзидир.