Самарқандда фуқаролар танлови асосида 209 та қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилади, бу лойиҳаларга 114,7 миллиард сўм ажратилади
Эндиликда жамоатчилик фикри асосидаги лойиҳаларни бюджетдан молиялаштириш кенгайтирилади. Яъни, аҳоли томонидан йўл, мактаб, боғча қуриш, газ, ичимлик суви тортиш каби инфратузилмаларни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ ишлар "СМС" овоз йиғиш орқали танланади.
Энг кўп овоз олган тадбирлар, яъни аҳоли томонидан энг муҳим деб ҳисобланганлари давлат бюджети томонидан молиялаштирилади. Худди шу тартиб "Фуқаролар бюджети" деб номланади. Ҳозирда кўпчилигимиз бундан хабардормиз ва қатор лойиҳаларни молиялаштиришда овоз ҳам беряпмиз. Қуйида 2022 йилда Самарқандда айнан фуқаролар танлови билан молиялаштириладиган объектлар рўйхати билан танишасиз.
Самарқанд вилоятида 2022 йилда ташаббусли бюджет жараёнида 209 та таклифлар ғолиб деб топилган ва ушбу тадбирлар учун жами 114,7 млрд. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Ғолиб таклифларни соҳалар кесимида таҳлили:
- Умумтаълим мактабларини таъмирлаш - 53 та;
- Ички йўлларни таъмирлаш - 70 та;
- Соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш - 11 та;
- Мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш - 33 та;
- Ичимлик суви ва оқава тизимини яхшилаш - 5 та;
- Кўча чироқларини ўрнатиш ёки таъмирлаш - 2 та;
- Маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларини таъмирлаш - 14 та;
- Электр тармоғини яхшилаш - 9 та;
- Болалар ўйингоҳларини барпо этиш - 4 та ва бошқалар.
Ушбу ғолиб таклифларни молиялаштириш бўйича ҳудудий ишчи коммиссиялар томонидан манзилли дастурлар ишлаб чиқилган.
Бугунги кунда 147 та таклиф бўйича манзилли дастурлар ҳалқ депутатлари Кенгашларида тасдиқланган, 59 та таклиф Кенгашда кўриб чиқиш жараёнида ва 2 та таклиф рад этилган.
Ҳудудий молия бўлимлари томонидан 147 та таклифлар бўйича тасдиқланган манзилли дастурларга асосан алоҳида ҳисоб-рақамлар очилган бўлиб жами 82,2 млрд. сўм маблағ ташкилотлар ҳисоб-рақамларига режалаштирилиб берилган.
Шундан 12 та таклифларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган, 125 таси ишлаб чиқиш жараёнида ва 10 та таклифга лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш талаб этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Республика Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги "Бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"га қарори қабул қилинган.
Шунингдек, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилган.
Жасур Юлдашев,
вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.