Самарқандда гўшт маҳсулотларини очиқ жойда сақлаш ҳолати юзасидан тезкор чора кўрилди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида гўшт маҳсулотларидан арча ясалиб, уларнинг очиқ ҳолда кўчада сақланаётгани ва бу ҳолат гўшт маҳсулотларининг гигиеник жиҳатдан истеъмолга яроқлилиги борасида эътирозларга сабаб бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ветеринария бўлими ҳамда шаҳар ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлими карантин гуруҳи ходимлари иштирокида тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилиб, воқеа жойига чиқилди.

Ўрганишлар давомида гигиена ва санитария талабларига зид ҳолатлар аниқланиб, ушбу камчиликлар зудлик билан бартараф этилди. Шунингдек, масъулларга санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли чоралар белгиланди.