Самарқандда ҳашар бошланди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири фармойишига кўра, мамлакатимизда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон маҳаллалалар уюшмаси вилоят бошқармаси маълумотига кўра, 16-18 март кунлари давом этадиган “Обод ва файзли маҳалла - юрт кўрки” шиори остидаги ҳашарда 1 миллионга яқин самарқандлик, жумладан, 400 мингга яқин ёшлар иштирок этиши кутилмоқда. Тадбирнинг биринчи кунида 1000 гектардан ортиқ ер майдони ободонлаштирилади, 177 тоннадан ортиқ маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланади, 226 та қабристон, 322 та зиёратгоҳ тартибга келтирилади, шунингдек, 343 километр ариқ ва зовурлар, 6300 га яқин кўчалар тозаланади.

Ҳашар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, аҳолига бепул кўчат тарқатиш кўзда тутилган. Алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламига 906 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилади.

— Бизда ҳашар ишлари эрта тонгдан бошланди, - дейди Самарқанд шаҳридаги Чашма маҳалласи раиси Икром Ҳасанов. – Нуронийлар кўчаларни ободонлаштириш ишларига бош бўлган бўлса, ёшлар билан қабристонни тартибга келтирдик. Дарахтларга шакл бериб, ариқларни тозаладик. Уч кун давом этадиган ҳашарда барча маҳалладошларимизни жалб қилишни режалаштирганмиз.

Умумхалқ хайрия ҳашари доирасида “Маҳалламга 10 туп дарахт – менинг туҳфам” шиори остида акция ҳам ўткалмоқда. Унга кўра, ҳашарнинг биринчи кунида вилоятнинг барча турар-жой мавзелари ва маҳаллаларида иқлим шароитига мос 288 минг тупга яқин мевали ва 32 минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилади. Кўча бўйлари, хиёбонларда 31 минг туп гул кўчатлари ўтқазилади.