Самарқандда инсофсиз рақобат аниқланди(ми?)

Аксарият ҳолларда тадбиркорлар бизнесини тезроқ йўлга қўйиш, кўпроқ даромад олиш мақсадида бозорда харидоргир бўлган машҳур фирмаларнинг маҳсулотларига айнан ўхшаш бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариши оқибатида инсофсиз рақобатга қўл уради.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ана шундай қонунбузарликлар аниқланди.
Жумладан, Россиянинг “MAKFA” акциядорлик жамиятининг мурожаати қилишича, “MAKFA” товар белгиси учун 2002 йил 25 декабрда халқаро гувоҳнома олинган ва ушбу товар белгисидан Самарқанд шаҳридаги “SAM MAKFA FOODS” масъулияти чекланган жамияти ноқонуний фойдаланиб, ноҳалол рақобат қилган.
Ўрганиш натижасига кўра, “SAM MAKFA FOODS” МЧЖ томонидан “ГРАНА” товар белгиси остида чиқарилаётган макарон маҳсулоти қадоғининг умумий кўриниши “MAKFA” товар белгисига адаштириб юбориш даражасида ўхшаши ҳамда фирма номида “MAKFA” сўзининг ишлатилганлиги оқибатида “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 13-моддаси талаблари бузилган.
“SAM MAKFA FOODS” МЧЖ томонидан қонун бузилиш ҳолати ихтиёрий равишда бартараф этилиб, фирма номи “SAM FOODS” МЧЖга ўзгартирилган ва “ГРАНА” товар белгиси остида чиқарилаётган макарон маҳсулоти қадоғининг умумий кўриниши ўзгартирилган.
Шунингдек, Швецариянинг “Societe des Produits Nestle S.A” компанияси вакили Самарқанд шаҳридаги “AGRО BRAVO” МЧЖ томонидан компанияга тегишли “48 копеек” товар белгисидан фойдаланиб, музқаймоқ ишлаб чиқарилиши натижасида инсофсиз рақобатга йўл қўйилаётганлиги тўғрисида мурожаат қилган.
Мурожаатда келтирилган ҳолатлар ўрганилганда, “AGRО BRAVO” МЧЖ томонидан 2016 йилдан, “Societe des Produits Nestle S.A” компанияси Ўзбекистонга кирмасидан аввал қайд қилинган товар белгиси билан музқаймоқ ишлаб чиқарилган. Шунингдек, “AGRО BRAVO” МЧЖга Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан “48 копеек” товар белгиси учун 2018 йил 25 октябрда MGU 34572-рақамли гувоҳнома берилган. “Societe des Produits Nestle S.A” компанияси томонидан “48 копеек” товар белгисининг ҳимояси учун Интеллектуал мулк агентлигига 2018 йил сентябр ойида талабнома берилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Societe des Produits Nestle S.A” компаниясининг мурожаатида келтирилган важлар ўз тасдиғини топмади ва “AGRО BRAVO” МЧЖнинг “48 копеек” товар белгили маҳсулотининг ҳимояси таъминланди.
О.ТЎРАЕВ
Монополияга қарши курашиш қўмитаси
Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи.