Самарқандда карантин чекловини бузиб, ИИБ ходимига қаршилик кўрсатган шахс 5 суткага қамалди
2020 йил 5 апрель куни Самарқанд шаҳар “Нурли келажак” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Деҳқон бозори” атрофида карантин талабларига риоя этмай, мақсадсиз юрган фуқароларни аниқлаш бўйича хизматга жалб этилган ИИБ ходимлари 2001 йилда туғилган, Самарқанд тумани Туркман қишлоғида яшовчи Б.Қ. ўзининг “Дамас” русумли, 30 М 460 РА давлат рақам белгили автомашинасини мақсадсиз бошқариб юрганлиги аниқланиб, ҳайдовчидан автомашинани бошқариш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларни тақдим этишини сўрашади. Тегишли ҳужжатлар йўқлиги сабабли Б.Қ. ходимларнинг қонуний талабларини бажармай, автомашинасини ҳаракатга келтириб, воқеа жойидан қочиб кетади.
Олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида ҳуқуқбузар қўлга олиниб, унга нисбатан тегишли моддалар билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди, автомашина вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди.
Маъмурий ишлар бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарорига асосан Б.Қ. МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми ва 194-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 (беш) сутка “маъмурий қамоқ” жазоси тайинланди.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.