Самарқандда картошкачилик ривожи қайси жиҳатларга боғлиқ?

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида Швейцариянинг CARITAS ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилган илмий-амалий семинарда олимлар олдига шу савол кўндаланг қўйилди.

“Сув билан таъминланган қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш: иқлимга чидамлилик ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун картошка етиштиришни оптималлаштириш” мавзусида ташкил этилган семинарда турли ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари ва Қишлоқ хўжалигида агрохизматлар маркази вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари, картошкачилик йўналишидаги илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари дастлаб дала тажриба майдонида 4 хил суғориш технологияси асосида етиштирилган картошка майдонлари билан танишди. Мутахассислар томонидан суғориш усуллари, уларнинг ўзига хос жиҳатлари, бунда сувдан оқилона фойдаланишнинг муҳимлиги, бу технологияларнинг ҳосилдорликка таъсири каби долзарб масалалар бўйича маълумот берилди. Илмий-амалий семинарда қатнашувчилар мазкур экин турини етиштириш, ундан юқори ва сифатли ҳосил олиш бўйича муҳим кўникмаларга эга бўлди.

Тадбирда институт ректори, профессор Ш.Ҳасанов бугунги глобал исиш ва сув танқислиги кучайиб бораётган шароитда замонавий суғориш технологиялари орқали ҳосилдорликни ошириш долзарб масала эканлиги, институтнинг дала тажриба майдонида олиб борилган илмий изланишлар эса бу борада аниқ таклифлар ишлаб чиқишда муҳимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, мутахассислар томонидан соҳага оид маърузалар тингланди. Унда қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланишга оид режалаштирилган фаолиятлар, картошканинг асосий касаллик ва зараркунандалари ҳамда уларга қарши кураш чоралари, қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда янги, замонавий ва сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш ва бошқалар ҳақида сўз борди. Ўзаро савол-жавоблар орқали иштирокчилар масаланинг янада муҳим жиҳатлари ҳақида маълумотларга эга бўлди.