Самарқандда “Кибержиноятчиликка қарши кураш ҳафталиги” бошланди

Вилоятда кибержиноятларнинг олдини олиш, аҳолининг виртуал муҳитдаги кибер таҳдидлардан огоҳлигини ошириш ҳамда “рақамли иммунитет”ни шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 1-7 май кунлари “Сyber Week” номи остида “Кибер маконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги" ўтказилади.

Бу ҳақда бугун вилоят ИИБда Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Атоев Лочинбек ва ОАВ вакиллари иштирокида ташкил этилган семинарда маълум қилинди.

Вилоят ҳокимининг фармойишига мувофиқ, ҳафталикни ўтказиш тадбирлари ишлаб чиқилган бўлиб, тадбирлар давомида корхона-ташкилотлар, таълим муассасалари, шунингдек, бозорлар, савдо комплекслари ва жамоат жойларида фаолият кўрсатаётган юртдошларимиз қамраб олиниши кўзда тутилган.

Тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида жойларда таниқли санъаткорлар ҳам тарғибот ишларига жалб этилади. Бундан ташқари, кибержиноятлардан ҳимояланиш бўйича интернетнинг ютуб каналида тарғибот лавҳалари жойлаштирилади ҳамда мунтазам равишда кўрсатиб борилади.

Ҳафталик давомида кибержиноятга қарши курашишни тарғиб қилувчи ҳамда ундан огоҳ бўлишга қаратилган маҳаллалар ўртасида “Энг яхши маҳалла”, катта ёшдаги аҳоли вакиллари, хусусан, нафақахўрлар иштирокида “Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман”, блогерлар ва ижтимоий тармоқлар фаоллари ўртасида “Энг оммабоп контент”, таълим муассасаларидаги ёшлар, ижодий фаолият билан шуғулланувчи аҳоли ўртасида “Энг яхши монолог”, “Энг яхши иншо”, “Энг яхши шеър”, 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида “Спортли дастурлаш” ва “Веб-сайтимиз хавфсизлик даражасини аниқлаш” каби ўндан ортиқ инновацион ёндашув асосида танловлар ўтказилади.

Тарғибот-ташвиқот тадбирлари 7 майга қадар давом этади ва танлов ғолиблари қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Ф.Рўзибоев.