Самарқандда магнит ҳодисалар ва кўп функцияли магнит материалларга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда
Самарқанд давлат университетида “Магнит ҳодисалар ва кўп функцияли магнит материаллар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Муҳандислик физикаси институти томонидан ташкил этилган ушбу анжуманда АҚШ, Россия, Испания, Германия, Италия, Индонезия, Ҳиндистон, Греция, Голландия каби дунёнинг 17 давлатидан 130 дан зиёд хорижий олимлар ҳамда республиканинг 30 дан ортиқ ташкилотларидан 50 дан ортиқ мутахассислар иштирок этмоқда.
– Бугунги кунда мамлакатимизда физика соҳасини ривожлантириш устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда, - деди тадбирда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов. - Муҳандислик илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган қатор тизимли ишларнинг давоми сифатида халқаро илмий-тадқиқотлар олиб бориш учун зарур шарт-шароит яратилаётганлиги, соҳага оид илмий-тадқиқот олиб бораётган олимларимиз меҳнатини рағбатлантириш тизими жорий этилаётганлиги, мамлакатимизда илм-фан ва таълимга бўлган эътиборнинг ошиб бораётганидан далолат. Шунинг учун ижтимоий-иқтисодий салоҳиятнинг барқарор ўсиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлиги юксалиши учун зарур шароитларни таъминлашга қодир бўлган илм ва инновация фаолиятини ривожлантириш бугун олдимизда турган энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда.
– Магнетизм соҳаси физиканинг муҳим ва долзарб тармоқларидан, - деди Москва давлат университети профессори Николай Перов. - Бугунги конференцияга 17 давлатдан хорижий мутахассисларнинг жалб қилингани магнетизм соҳасининг бутун дунё бўйича муҳим йўналишлардан бир эканини кўрсатади. Соҳага оид илмий тадқиқотларга халқаро нигоҳда қараш, мамлакатлар ўртасида мавжуд илмий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, албатта, ўз самарасини бермасдан қолмайди. Конференция баҳона Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти билан ҳам танишдик. Салобатли бинолар, замонавий лаборатория ва ўқув хоналари кўпчилик хорижий экспертларнинг эътиборини тортди. Ўйлайманки, илм-фан учун яратилган бундай шароитда келажак илм-фанини ривожлантирадиган кашфиётлар яратилади.
Бугун университетда Самарқанд магнетизм мактаби ҳамда магнетизм йўналиши бўйича илмий даражалар берувчи ягона илмий кенгаш фаолият юритади. Республика бўйича ушбу соҳада фаолият олиб борган мутахассисларнинг деярли барчаси ушбу мактабда етишиб чиққан.
Ҳозирги пайтда магнетизм шундай соҳага айландики, унда эришилаётган ҳар бир ютуқ ва янгилик тўғридан-тўғри амалиётга татбиқ этилади. Ҳаётимизнинг асосий қисмига айланиб улгурган мобил қурилмалар, смартфонлар, флеш хотиралар, ҳамма-ҳаммаси ушбу соҳанинг кашфиётлари туфайли ҳозирги даражадаги такомилига етган. Бугунги конференцияда магнетизм соҳасидаги муҳим янгиликлар тўғрисида бутун жаҳон олимлари маърузалари билан қатнашмоқда. Конференциянинг асосий мақсадларидан бири магнетизм соҳасини ривожлантириш ва ушбу соҳа орқали инсоният келажаги учун фойдали кашфиётларни ишлаб чиқишга қаратилган.
Беш кун ўтказилиши режалаштирилган конференция спинтроника ва магнитотранспорт ҳодисалари, юқори частотали хусусиятлар ва метаматериаллар, магнит хотирага эга бўлган қотишмалар ва магнитокалорик эффект, биотиббиёт магнетизми соҳасида ишлатиладиган элементларнинг физик хоссаларини ўрганиш каби шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттиради, дея хабар бермоқда Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.