Самарқандда Мустақиллигимизнинг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди

Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.

Дунёдаги ҳар бир халқ, ҳар бир давлат ҳаётида унутилмас, тарихий кунлар бўлади. Биз учун 1 сентябрь - Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллиги куни ана шундай муҳим сана. Ҳар йили ушбу кунни халқимиз кўтаринки кайфиятда, юртимизда яшовчи барча миллат ва элатлар билан ҳамжиҳатликда нишонлайди.

Бу йил ҳам шаҳар ва қишлоқларимизда мустақиллининг 31 йиллиги кенг нишонланмоқда. Байрам тадбирлари мамлакатимиз Тараққиёт стратегиясининг асосини ташкил этувчи “Инсон қадри учун!” ғоясига монанд “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган эзгу шиор остида ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир.

Тантанали маросим аввалида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов тадбир иштирокчилари ва вилоятимиз аҳлини байрам билан табриклади.

- Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар замирида, аввало, инсон қадри, инсон манфаати устувор, - деди вилоят ҳокими. - Ислоҳотларнинг самараси кўз ўнгимизда яққол намоён бўлмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз йил сайин янги қиёфага кириб, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланмоқда.

Халқимизда уйи борнинг ўйи йўқ, деган гап бор. Айни шу йўналишда кейинги йилларда вилоятимизда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ҳар йили юзлаб янги уй-жойлар қурилмоқда. Биргина 2022 йилда аҳолининг муҳтож қатламини арзон уй-жойлар билан таъминлаш дастурларига мувофиқ, 4 минг 420 хонадонли 90 та кўп қаватли уй бунёд этилмоқда. Ипотека дастурлари доирасида 14 та массивда 3 минг 126 хонадонли уй-жойлар қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ана шу ишлар самарасида йил бошидан буён 208 нафар хотин-қиз ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва меҳрибонлик уйларининг 40 нафар тарбияланувчилари уй-жой билан таъминланди.

Яқинда вилоятимизда ҳурматли Президентимиз иштирокида яна бир муҳим объект - “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази очилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қисқа фурсатда 250 гектар майдонда янги, кўркам бир шаҳарча, сайёҳлик маскани бунёд этилди.

Нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёда тенги йўқ, деб эътироф этилган бу мажмуадаги жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар ва конгресс маркази, халқимизнинг тарихи, маданияти, анъана ва қадриятларини намоён этувчи “Боқий шаҳар” мажмуаси ва яна кўплаб бошқа иншоотлар Самарқанднинг туристик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Президентимиз таъкидлаганидек, бу маскан Самарқанднинг ер юзи сайқали сифатидаги обрў-эътиборини ошириб, Ўзбекистоннинг янги дарвозаларидан бирига айланади.

Вилоят ҳокими бунёдкорлик ишларида фаол қатнашган барча қурувчиларга, муҳандис ва техникларга, бутун вилоятимиз аҳлига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, яқинда Самарқандда ўтказиладиган нуфузли халқаро тадбир – Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммитида вилоятимиз аҳли ўзининг юксак маданияти, маънавияти ва ташкилотчилигини кўрсатишига ишонч билдирди.

– Аслида инсоннинг бахтли ва фаровон яшаши учун кўп нарса керак эмас, – деди ўз сўзи давомида Э.Турдимов. – Юртда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, меҳнат қилиб, ризқ топиш учун шароит яратиш, ҳар бир инсонга ўз куч ва салоҳияти, иқтидорини намоён этиши учун имконият бериш лозим. Бугун оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғи орқали дунёнинг деярли кўп жойларида, нотинчликлар содир бўлаётгани, у ёки бу кўринишдаги инқирозлар кузатилаётганидан хабардор бўлиб турибмиз.

Яратганга шукрки, тинчлик-хотиржамлик ҳукм сураётган Ўзбекистонда давлат ўзининг зиммасидаги вазифаларни бажариб, аҳоли учун барча имкониятларни кафолатлаб қўйди. Ҳар бир инсон ўзига муносиб меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Тадбир спортчилар, ёш истеъдод эгаларининг чиқишлари, таниқли санъаткорларнинг Ватанни, тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари билан давом этди.

Кўҳна кентда ва вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).