Самарқандда олимпиада иштирокчилари сони кўпаяди
Ўзбекистон мустақил давлат сифатида дунё ҳамжамиятида тан олингач, 1994 йилдан бошлаб олимпия ўйинларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Ҳозирга қадар вилоятимиз терма жамоаси аъзолари олимпиада шоҳсупасига 34 марта кўтарилган бўлиб, 10 та олтин, 7 та кумуш ва 17 та бронза медалини қўлга киритишган.
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ва XV Параолимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган муваффақиятлар дунё мамлакатлари вакилларини ҳайратлантиргани бежиз эмас. Чунки бу мустақиллик йилларида мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг самарасидир.
1972 йили Мюнхенда ўтказилган XX ёзги олимпиадада самарқандлик боксчи Н.Анфимов чорак финалгача етиб борган бўлса, 1996 йили АҚШнинг Атланта шаҳрида ўтган XVI Олимпия ўйинларида Дилшод Ёрбеков (бокс, 5-ўрин), Г.Пуляев (юнон-рим кураши, 6-ўрин) муносиб иштирок этган. 2000 йили Австралиянинг Сидней шаҳри мезбонлик қилган XXVII ёзги олимпиадада Д.Ёрбеков (бокс), Б.Қурбонов (эркин кураш), У.Пискунова (енгил атлетика) Ватанимиз шарафини ҳимоя қилди. 2008 йили Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтган XXIX олимпиадада дзюдо бўйича Ў.Қурбонов ва Х.Набиевлар иштирок этишган бўлишса, М.Абдуллаев (юнон-рим кураши), А.Котлярова (енгил атлетика) 2012 йили Лондонда (Буюк Британия) бўлиб ўтган XXX ёзги Олимпия ўйинларида қатнашиш бахтига муяссар бўлишган эди.
2019 йилда вилоят ёшлари жаҳон чемпионатларида 27 та медалга сазовор бўлишган. Улардан, 8 таси олтин, 9 таси кумуш ва 10 таси бронза медаллар бўлса, ўтказилган Осиё чемпионатларида иштирок этиб, 70 та медаль қўлга киритилган. Шундан, 24 та олтин, 25 та кумуш ва 21 та бронза медалларини ташкил этади. Халқаро беллашувларда 185 та медаль, шундан, 81 та олтин, 49 та кумуш ва 55 та бронза медаллари соҳиби бўлишган.
Ўтган йили вилоятимиз спортчилари Ўзбекистон чемпионати ва республика кубоги баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, 1917 та медалга сазовор бўлишган. Уларнинг 606 таси олтин, 617 таси кумуш ва 694 таси бронза медалларидир. 2020 йилда вилоятимизнинг 925 нафар спортчилари спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаларига қабул қилинди. Шулардан, 521 нафари асосий таркибга ва 404 нафари захира таркибга ўтказилган.
Бугунги кунда вилоятда 5653 та спорт иншооти бўлиб, улардан 1 та эшкак эшиш канали, 2 та манеж, 58 та стадион, 15 та сузиш бассейни, 1028 та спортзал, 33 таси теннис корти, 810 та футбол, 529 та мини-футбол (шундан 286 таси сунъий қопламали), 856 та гандбол, 1281 та волейбол, 1040 таси баскетбол майдонларидир. Халқ таълими бошқармаси тизимида 4342 та, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тизимида 194 та, академик лицейларда 11 та, профессионал таълим муассасалари тизимида (коллежларда) 702 та, олий таълим муассасаларида 26 та, бошқа турли ташкилотлар тасарруфида 378 та спорт иншооти мавжуд. Ушбу спорт иншоотларининг бир кунлик қуввати 251 801 нафарни ташкил қилиб, 147 984 нафари, жумладан, 55 278 нафар хотин-қизлар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмоқда.
Самарқанд вилоятида спорт таълим муассасалари 30 та бўлиб, 21 та БЎСМ, 5 та ИБЎСМ, 2 та ИОЗМИ, 1 та футбол академияси, 1 та “Динамо” ПФК тасарруфидаги БЎСМ мавжуд.
– Республикамизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлиги сабабли вилоятимизда ҳам бу соҳани такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда, - дейди Самарқанд вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. – Пандемия шароити бўлишига қарамасдан, мураббийларимиз машғулотларни масофадан туриб (онлайн, интернет, телефон орқали) ўтказмоқда. Барча спортчилар ва мураббийлар ўз спорт формаларини сақлаб туришибди. Вилоятдаги барча спорт иншоотларимиз шуғулланувчиларни қабул қилишга тайёр ҳолатда сақланмоқда. Умумтаълим мактабларидаги спорт иншоотлари ҳам назорат қилиб бориляпти. Пандемия тугаши билан ҳамма спорт машғулотлари ва мусобақалар режа асосида олиб борилади. Вилоятда дзюдо, эркин кураш, юнон-рим, самбо кураши, бокс, спорт гимнастикаси ва бадиий гимнастика, стол тенниси каби спорт турлари анча ривожланган. Самарқанд вилояти спорт яккакурашига ихтисослаштирилган БЎСМ, гимнастикага ихтисослаштирилган БЎСМ, Самарқанд шаҳридаги 1, 2-БЎСМ ҳамда Самарқанд шаҳри ва Тойлоқ туманидаги ИОЗМИларнинг ишларини бошқаларга намуна қилиб кўрсатиш мумкин.
Аммо баскетбол, футбол, волейбол спорт турлари яхши ривожланмаяпти ва оммавийлашмаяпти. Бунинг турли сабаблари бор. Бугунги кундаги асосий вазифамиз ушбу спорт турларини талаб даражасида ривожлантиришга эришишдир. Ургут, Иштихон, Самарқанд, Каттақўрғон туманларида сузиш ҳавзалари қуриб берилган. Лекин бу ҳавзалар талаб даражасида ишламаяпти. Асосий муаммо шундаки, уларда электр, газ ва сув таъминоти яхши эмас. Умид қиламанки, ушбу муаммолар ҳам тезда ўз ечимини топади ва вилоятимиз спорти бунданда ривожланади ҳамда вилоятимиздан кўплаб олимпиада совриндорлари етишиб чиқади.
- Вилоятнинг спорт соҳасида катта имкониятлари мавжуд, - дейди жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий–методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази Самарқанд филиалининг жисмоний тарбия методикаси кафедраси профессори Ҳамроқул Рафиев. – Соҳа мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган СамДУ, 2 та ИОЗМИ, бир нечта касб-ҳунар коллежларининг спорт бўлимлари бор. Фақат уларнинг имкониятларидан оқилона фойдаланиш зарур. Кейинги йилларда спортчилар жуда кўплаб нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритди. Туманлардан ҳам дунёга таниқли спортчилар етишиб чиқмоқда. Вилоятда спорт иншоотлари сони йил сайин ошиб боряпти. Бу яхши, албатта. Лекин замонавий талаб даражасидаги жисмоний маданиятни ўқитадиган кадрларни тайёрлаш оғриқли нуқта бўлиб қолганди. Олий ўқув юртлари талабаларидан олимпиада қатнашчилари кам. Вилоятдаги олий ўқув юртларида жисмоний маданият кафедралари мавжуд. Улар ҳам олийгоҳдаги навқирон ёшлар орасидан юксак маҳоратли спортчиларни тайёрлаш имкониятларини кучайтиришлари лозим. Менимча, бунинг учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш, замонавий талаб даражасидаги жисмоний маданият мутахассисларини тайёрлашни кучайтириш ва кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарур.
Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази Самарқанд филиали ташкил этилди. Унда Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларидаги умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, БЎСМларнинг спорт турлари бўйича мураббийлари ва мактабгача таълим муассасаларининг жисмоний тарбия соҳаси мутахассислари ўз малакаларини оширмоқда.
Бундан ташқари, шаҳримизда Москва жисмоний маданият, спорт ва туризм университетининг Самарқанд филиали ташкил қилинди. Россия филиалининг самарадорлиги шу олийгоҳда фаолият юритадиган профессор-ўқитувчиларнинг юксак савиясига бевосита боғлиқ. Бу университет филиалига Самарқанд шаҳридаги энг яхши спорт иншоотлари мукаммал таъмирланиб, замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланганлиги эътиборга лойиқ. Бу ҳам республикамизда, шу жумладан, Самарқанд вилоятида жисмоний маданият мутахассисларини, айниқса, спорт йўналишида мукаммал билимларга эга бўлган кадрларни тайёрлашга қаратилган.
Салом ҲАКИМОВ.