Самарқандда ўқитувчиларга муддати ўтган билетлар сотилганми?
Ижтимоий тармоқларда “Самарқандда муддати ўтган билетлар ўқитувчиларга мажбурий сотилаётган экан” ҳамда “Яна мажбурий билет масаласи. Бу сафар боғча мудираларига 15 минг сўмдан сотилмоқда”, деб номланган мурожаат юзасидан Самарқанд вилояти маданият бошқармаси муносабат билдирди.
Айтилишича, Маданият вазирлиги ҳамда Тожикистон Республикаси Маданият вазирлиги ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Тожикистон Республикаси Садриддин Айний номидаги давлат академик опера ва балет театри томонидан Самарқандга гастроль сафарини уюштириш мақсадида хат юборилган.
Шунга асосан вилоят ҳокимлигининг қўшни мамлакат театр жамоасининг Самарқандга ташрифи юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Режага мувофиқ вилоятдаги корхона, ташкилот ва таълим муассасалари Тожикистон театри томонидан вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилаётган спектаклларга ихтиёрийлик асосида ташриф буюрмоқда.
Театр томошаларига кириш учун эски билетлар тарқатилганлиги бўйича Тожикистон Республикаси Садриддин Айний номидаги давлат академик опера ва балет театри директорининг биринчи ўринбосари С.Нуруллаевдан изоҳ сўралганда, мазкур билетлар Тожикистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан текширилган бўлиб, қонунийлиги таъминланганлиги ва 2018 йилда чиқарилган билетлар 2019 йилда ҳам фойдаланиш мумкинлигини билдирди.