Самарқандда оқова сув тизими қачон тўлиқ ишга тушади?

«Самарқанд сув таъминот» МЧЖ ташаббуси билан Самарқанд шаҳар оқова сувларни тозалаш иншоотида олиб борилаётган модернизация, қурилиш-монтаж ишлари билан танишиш мақсадида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги 3 та оқова сув тозалаш иншооти ва 8 та оқова сув насос станциясига 357 километр оқова сув тармоқлари уланган бўлиб, шаҳарнинг ярим миллиондан зиёд аҳолисининг 73 фоизи сув оқова тизими билан таъминланган. Самарқанд тумани Захлик маҳалласи ҳудудидаги 36 гектар майдонда жойлашган мазкур асосий иншоот эса 1964 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, бир суткада 140 минг метр куб оқова сувни тозалаб бериш қувватига эга.

«Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг оқова тизимини реконструкция қилиш» инвестиция лойиҳаси учун Жаҳон банки Халқаро тараққиёт уюшмасининг қарийб 49 миллион АҚШ доллари миқдордаги маблағлари ажратилган. Мазкур сув тозалаш иншоотига эса 10,5 миллион АҚШ доллари сарфланиб, Франция, Германия, Швеция, Россия давлатларидан замонавий асбоб-ускуналар келтирилиб, реконструкция ва модернизация ишлари олиб борилмоқда.

- Ҳозирги кунда тозалаш иншоотида 90 фоиз қайта таъмирлаш ишлари бажарилди, - дейди Франциянинг «Sade» муҳандислик компаниясининг лойиҳа менежери Василий Кендерез. - Бирламчи тиндиргич, аэротенка, ҳаво ҳайдаш иншооти, иккиламчи тиндиргич, контакт ҳовузлари ва санитария бинолари бошқа бир қанча иншоотлар қайта таъмирланди. Лойиҳамиз тўлиқ ишга тушгач, шаҳарнинг 80 минг нафардан ортиқ аҳоли марказлаштирилган канализация хизматлари билан таъминланиб, санитария ва эпидемиологик ҳолати яхшиланади, таъминланиш даражаси эса 85 фоизга етади.

Муҳими, Самарқанд сув тозалаш иншооти самарадорлиги, энергия тежамкорлиги ва замонавий ускуналари билан таъминланган. Эски иншоот оқова сувларни 30-40 фоизгача тозалаган бўлса, энди автоматик тарзда биологик усул билан тўлиқ тозаланиб, табиий сув ҳавзаларига, жумладан, Қорадарёга ташланмоқда.

– Франциянинг «Sade» муҳандислик компанияси кўп йиллардан буён юртимизда сувларни зарарсизлантириш билан боғлиқ қатор лойиҳаларда иштирок этиб келяпти, – дейди лойиҳа координатори Жаҳонгир Қодиров. – Компания мутахассислари Руминия, Франция, Россия, АҚШ каби жаҳоннинг 74 давлатида фаолият олиб бориб катта тажриба тўплаган. Самарқандда ҳам юқори самарадорликка эришиб келмоқда.

Самарқанд шаҳрининг оқова сувлари «Геофизиклар» маҳалласи ҳамда Фарҳод шаҳарчасидаги сув тозалаш иншоотлари орқали тозаланмоқда. «Геофизиклар» маҳалласидаги иншоот 2018 йилда «Самарқанд сув таъминот» МЧЖ маблағлари ҳисобидан қисман реконструкция қилинган бўлса, қуввати кунига 3 минг куб метр бўлган Фарҳод шаҳарчасидаги сув тозалаш объекти мазкур инвестиция лойиҳаси доирасида реконструкция қилинган.

Кунига қуввати 140 минг куб метр бўлган иншоот, ҳозирда 70 минг куб метр сувни қайта зарарсизлантиряпти. Жорий йилнинг июль ойида тўла қувват билан ишга тушириладиган объектда сўнгги қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Пресс-тур давомида журналистлар ва блогерлар томонидан берилган саволларга соҳа мутахассислари жавоб беришди.

Дилмурод Тўхтаев,

Бахтиёр Мустанов (фото).