Самарқандда шифокорлар тўғноғич ютган чақалоқни қутқаришди
- Самарқанддаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига неварамнинг оёғида нуқсони йўқмикан, деган хавотир билан боргандик, - дейди ургутлик Муҳсина Азимова. - Шифокор Беҳзод Эранов неварамни тўлиқ текширувдан ўтказди. Рентген қилиш кераклигини айтиб, барча текширувлар ўтказилди. Таҳлилларни топшириб уйга қайтдик. Эртасига шифокор шошилинч чақиртирди. Борсак, 11 ойлик неварамнинг ошқозонида тўғноғич (игнатугма) борлиги аниқланибди. Шифокор дарҳол зарур кўрсатмаларни бериб, неварамни турли нохуш вазиятлардан қутқариб қолишди. Агар улар ўз вақтида буни кўриб қолишмаганда, эътибор беришмаганда, ким билсин, қандай вазият келиб чиқиши мумкин бўларди? Шифокорлардан жуда миннатдорман, ўз вақтида эътибор қаратиб, неварамиз саломатлигини асраб қолишди.
- Болада туғма сон суяги чиқиши ташхиси қўйилгач, уни тўлиқ текширтириш учун зарур таҳлилларга жўнатгандик, - дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Беҳзод Эранов. - Рентген натижаларида боланинг ошқозонида тўғноғич мавжудлиги кўринди. Энг ёмони, у очиқ ҳолда эди. Уларни дарҳол чақиртириб, зарур тиббий тавсияларни бердик. Натижада бола ошқозонидаги очиқ турган тўғноғич тиббиёт клиникаларидан бирида, жарроҳлик аралашувисиз олиб ташланди. Айни пайтда боланинг аҳволи яхши.