Самарқандда тунда учрашувга чиққан йигит ва қиз «самосуд» қилинди
Ижтимоий тармоқларда Самарқандда тунда учрашувга чиққан йигит ва қизни ҳақоратлаб, уларни урганлиги акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
Мазкур ҳолат жорий йилнинг 3 март куни содир бўлган. Ўша куни соат тахминан 21:00 атрофида Самарқанд шаҳар Жомий маҳалласида яшовчи фуқаро (қиз бола) Б.М.нинг қўл телефонига Тойлоқ тумани «Нурли-йўл» маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган О.А. қўнғироқ қилиб, биргаликда сайр қилишни таклиф қилади. Таклифга рози бўлган Б.М. синглиси М.Б. билан яшаш уйи олдидаги кўчага чиқади.
О.А. учрашувга маҳалладоши, 1996 йилда туғилган Х.Д.нинг машинасида бориб, ҳаммаси биргаликда Тойлоқ тумани «Нурли-йўл» маҳалласида жойлашган, ҳозирги кунда Туркия давлатида бўлган фуқаро «А»га тегишли бўлган уйга боришади.
Ичкаридаги шовқинни эшитган қўшнилар Қ.С., Н.А., Қ.А., Б.Ф., О.А., Х.Д.лар уйга киришади. Фуқаро Қ.С. қизларни ҳақоратлаб, юзига тарсаки уриб, ўзбошимчалик билан жазоламоқчи бўлади. Шу вақтда қолган фуқароларнинг бир нечтаси ҳолатни видеотасвирга олиб, тунги вақтда хонадонда бақир-чақир қилишади.
Мазкур ҳолатдан хабар топган маҳалла фуқаролар йиғини раиси жанжалнинг олдини олиш мақсадида фуқароларни тарқатиб юборади.
Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари олиб борган дастлабки текширувлар натижасида фуқаролар Қ.С., Н.А., Қ.А., Б.Ф., О.А., Х.Д.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси, 52-моддаси 2-қисми, 183-моддалари билан маъмурий баённомалар тузилиб, тегишли тартибда қонуний қарор қабул қилишлик учун Тойлоқ тумани Маъмурий ишлар бўйича судига юборилган.
Фуқаро Қ.С. қонунни яхши билмаслиги, бу каби ҳаракатлар бошқа қайтарилмаслигини маълум қилиб, қизларни ҳақорат қилганлиги, уларга нисбатан қилган бошқа ҳаракатларидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган. Ҳолат юзасидан якуний қарорни суд органи қабул қилади.