Самарқандда уй-жойга муҳтож меҳрибонлик уйи битирувчиларига турар жойлар ажратилади
2011-2020 йилларда меҳрибонлик уйларини битирган 211 нафар тарбияланувчиларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви таҳлил қилинди. Уларнинг 72 нафари уй-жойга муҳтож бўлиб, шундан 32 нафари уй-жойларга бириктирилган, 40 нафари уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобга олинган. Шунингдек, 3 нафари содир этган жинояти учун қамоқда, 31 нафари оила қурганлиги, 44 нафари чет элга кетганлиги аниқланди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг VI чақириқ XV сессиясида маълум қилди.
Хусусан, 2020 йилда меҳрибонлик уйларини битирган 15 нафар тарбияланувчининг 2 нафари чин етим, 2 нафари ярим етим, 7 нафари ижтимоий етим, 4 нафари кам таъминланган оила фарзандлари бўлиб, имтиёзга эга бўлса-да, улардан фақатгина 1 нафари олий таълим муассасасига ўқишга кирган. 1 нафари Миллий гвардия вилоят бошқармаси томонидан оталиққа олинган.
Ҳозирги кунда ушбу 15 нафар битирувчининг 9 нафари норасмий банд бўлса, 6 нафари ишсиз, 8 нафари эса уй-жойга муҳтож. Мазкур битирувчиларни иш ва турар жой билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
2020 йилда Иштихон тумани Чордара маҳалласида яшовчи ака-укалар Асрор ва Шоҳруҳ Тўрақуловларга 3 хонали намунавий уй берилган.
Ургут тумани Бешкапа қишлоғида ижарада яшаб келган Малика Абдухалимовага намунавий қурилган уйлардан ажратилди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан жами 21 нафар меҳрибонлик уйи битирувчиларига, шундан, 3 нафарига бепул, 18 нафарига субсидия, имтиёзли кредит асосида Қорасув массивидаги Обод маскан маҳалласида янги қурилган кўп қаватли уйлардан берилди. 3 нафар битирувчи ушбу уйларни олишни рад этди. Бундан ташқари, Ғулом Каримов кўчасида жойлашган ҳокимликнинг ёшлар турар жойларидан 7 нафар битирувчига 6 та хона ажратилди.
Самарқанд шаҳрида 23 нафар, Паст Дарғом туманида 5 нафар, Каттақўрғон шаҳрида 3 нафар, Жомбой, Иштихон, Ургут туманларида 2 нафардан, Тойлоқ, Нарпай ва Самарқанд туманларида 1 нафардан битирувчилар уй-жой олиш учун навбатга олинди.
Келгусида бу ишлар давом эттирилиб, уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатга олинган битирувчиларнинг қолган қисмига ҳам уй-жой ажратиш чоралари кўриб борилади.