Самарқандда “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида тадбирлар ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоятимизда “Ватанпарварлик ойлиги” давом этмоқда.
Оммавий спорт мусобақаларига старт берилди
Жумладан, ойлик доирасида вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилар ҳамда спорт турлари бўйича вилоят терма жамоалари спортчилари ўртасида мусобақалар ўтказилади.
Мусобақалар 10-20 январь кунлари волейбол, баскетбол, футзал, шахмат, эркин кураш, енгил атлетика, стол тенниси, сузиш ва ўқ отиш турлари бўйича Самарқанд шаҳридаги спорт мажмуаларида бўлиб ўтади.
Ургут ва Пайариқда ватанпарварлик фестивали ўтказилди
Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм тарғибот гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида Ургут ва Пайариқ туманларида ватанпарварлик фестивали ташкил этилди.
Фестиваль “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остидаги юриш марафони билан бошланди. Туманлар сектор раҳбарлари бошчилигида ўтказилган марафонда минглаб ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар халқ ва армия бирдамлигини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини ошириш кераклиги ҳақида таъкидланди.
Фестиваль доирасида фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари, қўл жанги усталарининг жанговар ҳаракатлари намойиш этилди. Ҳарбий оркестр жамоасининг Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари фестивалга байрамона кайфият бағишлади.
Марҳум ҳарбий хизматчилар оиласи йўқланди
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари бошчилигида “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” шиори остида юрт тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатган, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган самарқандлик ҳарбий хизматчиларнинг яқинларидан ҳол сўралди.
Жумладан, масъуллар марҳум лейтенант Сайёр Саъдинов, лейтенант Маъруфжон Раҳмонов, катта сержант Маъруфжон Ражабов, сержант Улуғбек Барноев, кичик сержант Нодир Собиров, кичик сержант Акмал Мирзааҳмедов, кичик сержант Улуғбек Ҳасанов, оддий аскар Лочин Ҳайитовларнинг хонадонида бўлишди.
Ҳарбий хизматчиларнинг ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳолидан хабар олиниб, Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган пул маблағлари ва округ қўмондонлигининг байрам совғалари топширилди.