Самарқандда вазир жамғармаси устамаси учун ўтказилаётган танловнинг иккинчи босқичи бошланди

2022 йил декабрь ойида вазир жамғармасидан ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларни саралаш синовларининг дастлабки босқичи бўлиб ўтган эди.
Унда самарқандлик 418 нафар даъвогар педагог иштирок этиб, уларнинг 163 нафари иккинчи босқичга йўлланма олишган.

Бугун, Самарқанд вилоятида вазир жамғармаси устамаси учун ўтказилаётган танловнинг иккинчи босқичига старт берилди.

Иккинчи босқичда умумтаълим фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича ўтказилган тест синовларида максимал баллнинг 80 фоизи ёки ундан юқори натижани кўрсатган номзодларнинг касбий маҳоратини баҳолаш учун суҳбат ўтказилади.
Касбий маҳоратини баҳолаш бўйича ўтказилган суҳбат натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган малакали педагог кадрларга жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, 9 ой давомида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида (бугунги кунда 5 млн сўмдан ортиқ) ҳар ой устама тўланади.