Самарқандда Халқ таълими вазири жамғармаси устамага даъвогар педагогларнинг саралаш имтиҳонлари бўлиб ўтди
Имтиҳонларда вилоят бўйича 418 нафар мактаб ўқитувчилари қатнашди.
Шу йил 2 августдаги “Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорига мувофиқ халқ таълими тизимида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва ўқувчилари юқори натижаларга эришган малакали педагог кадрларнинг меҳнатини рағбатлантириш ҳамда жамғарма ҳисобидан ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларнинг рўйхати шакллантирилган эди.
Қарорга кўра, республика бўйича энг илғор 2000 нафар ўқитувчиларга 9 ой давомида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5.5 баробари миқдорида устама тўлаб берилади.
Устама олиш учун халқ таълимини ислоҳ қилиш бўйича ҳудудий кенгашлар томонидан 5 та йўналиш бўйича (бошланғич таълим, ижтимоий фанлар, хорижий тил фанлари, аниқ ва табиий фанлар, ҳамда амалий фанлар педагоглари) номзодлар тақдим этилади.
Ушбу жараёнлар қандай амалга оширилади?
- Туман (шаҳар) халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳудудий кенгашлари томонидан бериладиган номзод касбий маҳорати юқори бўлиши;
- 2021-2022 ўқув йили натижасига кўра, мактаб бошланғич синф ўқувчиларининг Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари натижаси бўйича юқори кўрсатгичга эга бўлиши;
- 2021-2022 ўқув йили натижасига кўра, педагог ўқитган мактаб битирувчиларининг ДТМ тест натижаси бўйича юқори кўрсатгичга эга бўлиши талаб этилади.
Саралаб олинган номзодлар ўртасида Халқ таълими вазирлиги томонидан биринчи босқичда тест олинади, тест натижаларига кўра, ўзлаштириш 80 фоиздан паст бўлмаган ўқитувчилар билан иккинчи босқичда суҳбат ўтказилади, дейишали вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабарида.