Янги ўқув йилида вилоятдаги мактаблар сони 1260 тадан ошади

Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева 2021-2022 ўқув йили олдидан ўтказилган Август кенгаши ялпи йиғилишида маълум қилди.

Бу йилги Август кенгаши онлайн тарзда Zoom орқали бўлиб ўтди. Унда йил давомида эришилган ютуқлар ва келгусидаги режалар ҳақида келишиб олинди.

Таъкидланишича, жойларда Инвестиция дастури бўйича 39 та мактабда 163,3 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жами 27 та мактабда 49,7 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланмоқда.

Вилоятдаги жами 31 та умумтаълим мактабларида ҳамда Қўшработ туманидаги 26 та мактаб филиалларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши учун 108 млрд сўм қўшимча маблағ ажратилди.

Самарқанд вилояти халқ таълими 2019 йилги республика миллий рейтингида 13-ўринда қайд этилган эди. Мақсадли ва натижадорликка қаратилган аниқ чора-тадбирлар натижасида вилоятимиз 2020 йилда тўрт поғона юқорилаб, республикада 9-ўринни эгаллади. Бироқ Самарқанд халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган юқори малака тоифали ўқитувчилар кўрсаткичи билан мақтаниб бўлмайди, албатта.

Бугунги кунга келиб, вилоят халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган 56 370 нафар ўқитувчининг 1875 нафари олий тоифали, 7 133 нафари биринчи тоифали, 13 645 нафари иккинчи тоифали ўқитувчилардан иборат бўлиб, ўтган уч йил давомида ўқитувчиларнинг сифат таркиби 16,1 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифатини ошириш, битирувчиларни олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичини янада ошириш юзасидан “Самарқанд тажрибаси”ни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилди.

Жумладан, Ургут ва Паст Дарғом туманларидаги 70 та мактабга, 16 та туман, шаҳарларга вилоятдаги 10 та олий таълим муассасасининг тажрибали профессор-ўқитувчилари бириктирилди.

Жорий йилнинг 3-4 август кунлари Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидан Каттақўрғон, Қўшработ ва Нуробод туманларидаги олис ва таълим сифати юқори бўлмаган умумтаълим мактабларига жами 51 нафар олий ҳамда биринчи тоифали ўқитувчилар ишга олинди.

Шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларидан 14 нафар олий, биринчи ҳамда иккинчи тоифали ўқитувчилар билан меҳнат шартномаси имзоланди.

2020-2021 ўқув йилида 140 нафар номутахассис психологлар қайта тайёрлов курсларида ўқитилди.

7-11-синф ўқувчилари учун “Эрта касб-ҳунарга йўналтириш” иш дафтари Булунғур туманида тажриба синовидан ўтказилди.

Вилоятимизда жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлганлиги сабабли, уй шароитида якка тартибда таълим олувчи 1600 нафар болага моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 9 нафар уйда якка тартибда таълим олувчи ўқувчига ногиронлик аравачалари, 3 нафарига ноутбок, 2 нафарига тикув машинаси берилди.

Бундан ташқари, 2020-2021 ўқув йилида вилоятимиздаги умумтаълим мактабларини аъло баҳолар билан якунлаган жами 645 нафар ўқувчининг 571 нафари олтин ва 74 нафари кумуш медаль билан тақдирланди. 247 нафардан зиёд 11-синф битирувчилари муддатидан олдин, баъзилари имтиёзли равишда республикамиздаги ва хорижий нуфузли олий таълим муассасаларининг талабалари бўлишди. Улар орасида дунёдаги машҳур Гарвард ва Оксфорд университетлари талабалари бўлиш бахтига муяссар бўлганлар ҳам бор.