Вилоят халқ таълими бошқармаси Қўшработ ХТБда бировнинг номига иш ҳақи ёзилмагани, муаммо ҳужжатлардаги чалкашлик туфайли юзага келганини билдирмоқда
Олдинроқ “Қўшработ туман ХТБда бировнинг номига иш ҳақи ёзиб келинган, бунинг ортидан фуқаро “даромади борлиги учун” ярим йилдан бери бола нафақаси ололмаяпти” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.
Мақолада таъкидланганидек, Қўшработ туманидаги яшовчи фуқаро Р.Қобилова Адлия бошқармасига мурожаат қилиб, 4 нафар фарзанди борлиги ва унинг турмуш ўртоғи З.Холбоев ҳеч қаерда ишламаса-да, электрон тизимда унга туман ХТБ томонидан иш ҳақи ҳисобланаётганлиги, шу сабабли 6 ойдан буён болалар нафақаси учун топшираётган аризаларига рад жавоби олаётганини билдирган.
Вилоят адлия бошқармаси аралашувидан сўнг масала ҳал этилиб, солиқ ҳисоботлари билан боғлиқ тушунмовчилик бартараф этилгани баён этилган.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ҳам ҳолат юзасидан муносабатини билдирди. Унга кўра, мурожаат этган фуқароларнинг туғилган йил, санаси ва "ИНПС" рақамларидаги ўхшашликлар туфайли бир фуқаро даромади бошқа шахснинг солиқ ҳисоботларида кўриниб қолган.
“...Ушбу ҳолат туман халқ таълими бўлими ходимлари томонидан ўрганилди. Натижада Қўшработ тумани “Бойтўп” маҳалласида яшовчи З.Холбоевга туман халқ таълими бўлими томонидан ҳеч қандай иш ҳақи ёзилмаган, балки 26-мактаб ўқитувчиси Ф.Қаршиев ва фуқаро З.Холбоевларнинг туғилган йил, санаси ва "ИНПС" рақамларидаги ўхшашликлар туфайли, Ф.Қаршиевнинг даромади З.Холбоевнинг солиқ ҳисоботларида кўриниб қолганлиги аниқланган.
Шу сабабли даромад ҳисобланмаса-да, электрон тизим бўйича солиқ ҳисоботларида унинг даромади мавжуд бўлиб кўринган.
Бугунги кунда ушбу муаммо тўлиқ бартараф этилди. Мурожаатчининг туман ХТБдан даромади мавжуд эмаслигига аниқлик киритилди”, дейилади ХТБ изоҳида.
Муносабатда чалкашлик қайси ташкилот томонидан содир этилганига аниқлик киритилмаган.