Самарқандда халқаро журналистика талабалари учун ижодий имтиҳон бўлиб ўтди
Бугун Самарқанд давлат чет тиллар институтида халқаро журналистика йўналишига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун ижодий имтиҳон бўлиб ўтди.
Ижодий имтиҳон икки босқичда: иншо ва суҳбат асосида ўтказилди.
- Бу йил халқаро журналистика йўналишига 87 нафар абитуриент ҳужжат топширган, - деди институтнинг илмий бўлим бошлиғи, ижодий имтиҳонлар масъули Бекпўлат Туробов. - Бу йил халқаро журналистика йўналишига 30 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Шулардан 5 нафари давлат гранти, қолган 25 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил олади.
Дастлаб абитуриентларга бешта мавзудан бирида ихтиёрий иншо ёзиш топширилди ва 3 соат вақт берилди. Сўнгра махсус тузилган комиссия ҳар бир абитуриент билан оғзаки суҳбат ўтказди.
- Мен бугун ижодий имтиҳонда “Ҳаётингизни ўзгартирган китоб” мавзусида иншо ёздим, - деди Мунира Иброҳимова. – Дадам 8-синфлигимда Юлиус Фучикнинг “Дор остидан репортаж” китобини олиб берганди. Китобда 1943 йиллардаги воқеалар, яъни уруш, қамоқ изтироблари тасвирланган бўлиб, ҳаётимни тубдан ўзгаришига сабаб бўлган. Шунингдек, Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китоби ҳам юрагимдан чуқур жой олган. Адибнинг ушбу китоби ҳақида ҳам ўз фикрларимни ёздим. Оғзаки суҳбатда менга “Репортаж нима?”, “Ижод қиласизми?”, “Журналистика касбини нега танладингиз?” каби саволлар берилди. Ўйлайманки, ижодий имтиҳонни яхши топширдим. Ўзим хоҳлаб шу касбни танлаётганим учун ҳам имтиҳонда қийналмадим.
- Бизга танлаш учун бешта мавзу берилди. Шулардан мен “Инсон қадри” мавзусида иншо ёздим, - деди Отабек Умиров. – Инсон қайси жамиятда яшамасин, у илми билан қадрли. Илм инсонни бошқалардан улуғлигини исботлаб беради. Тарихни кузатсангиз ҳам фақат илмли одамлар замонлар оша яшаб келмоқда. Тўғри, инсон ташқи томондан ҳар хил кўринишга эга. Аммо инсонни кўкларга кўтарадиган бу илмдир. Иншода шулар ҳақида фикр юритдим. Ижодкорлиги бор ёшлар учун имтиҳон жуда қизиқарли бўлди, ҳеч қандай қийин жойи йўқ. Ўзим ёшлигимдан ҳикоялар ёзиб юраман. Журналистика соҳасига болалигимдан қизиқиб келаман. Танлаган касбим бўйича ватаним равнақига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.
Ижодий имтиҳонларнинг умумий бали 93 бўлиши керак, шундан 31 фоизи оғзаки савол-жавобга қўйилади, натижалар икки кундан сўнг эълон қилинади. Шундан сўнг, абитуриентлар тест синовларида қатнашиб, учта мажбурий фанлардан имтиҳон топширади. Сўнгра иккала имтиҳон баллари қўшилиб, юқори балл тўплаганлар ўқишга қабул қилинади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.