Самарқандда халқаро олимпия куни нишонланмоқда

1894 йил 23 июнда ташкил этилган ва бугунга келиб дунёнинг 206 мамлакатини ўз атрофига бирлаштирган Халқаро олимпия қўмитаси ташкил этилган кун ҳар йили жаҳон миқёсида кенг нишонланади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳам 1994 йилдан буён ушбу ташкилотнинг аъзоси сифатида бу санани нишонлаб келади. Бу йил халқаро олимпия кунига бағишланган тадбирлар 23 июнь куни билан чекланмай, айни пайтда юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

Жумладан, бугун Самарқандда ҳам “Токио сари йўл” шиори остида олимпия кунига бағишланган тадбирлар ўтказилди.

Вилоят спортчи ёшлари, ҳаваскорлар, талабалар Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов кўчаси бўйлаб оммавий юриш билан Регистон майдонига кириб келди.

Бу ерда 2 мингдан ортиқ спортчилар олимпия халқасини ҳосил қилди. Олимпия ўйинларидан жой олган спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Уларнинг машғулотларини маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар мароқ билан кузатди.

– 3-6 июль кунлари вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида халқаро олимпия кунига бағишланган маданий, спорт тадбирлари ўтказиш режалаштирилган ва бу бугун Самарқанд шаҳридан бошланди, – дейди Самарқанд вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. – Бу тадбирларда халқаро ва республика мусобақалар ғолиблари, олимпия ва паралимпия ўйинлари иштирокчилари, спортчи ёшлар, фахрийлар, кенг жамоатчилик иштирок этади. 6 июль куни тадбирларнинг якуни сифатида “Динамо” ўйингоҳида вилоятимизда спортнинг оммавийлигини оширишга ҳисса қўшаётган инсонлар ва ташкилотларни, спортчиларни тақдирлаш маросими ва гала-концерт ўтказилади.