Самарқандда ёшлар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди
Бугун вилоятдаги туман, шаҳарларда Адлия бошқармаси томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда вилоят адлиясига бириктирилган ёшлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Унда 60 дан ортиқ ташкилотлар ва давлат идоралари, муассасалар 400 дан зиёд иш ўринлари билан қатнашди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, молия, кредит, ҳунармандчилик, суғурта, хусусий корхоналар йўналишларида мавжуд бўш иш ўринлари эълон қилинди.
Меҳнат ярмаркаларида 895 нафар ёшлар қатнашиб, 42 нафар ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланди. 69 нафар ёшлар эса касб-ҳунарга ўқитиш марказларига йўлланма олди.
Бугунги кунда вилоятимиз ёшлари 2,5 миллион нафарни ташкил этади. Уларнинг 33 мингдан ортиғи вилоят адлиясига бириктирилган. Ҳозирга қадар 31 мингдан ортиқ ёшларнинг ҳуқуқий муаммолари ўрганилиб, навбатдаги босқичда уларнинг ижроси таъминланмоқда, дея хабар бермоқда вилоят адлия бошқармаси.