Банкларда бўш иш ўринлари йўқ экан

Самарқанд давлат университетида “Карера куни” тадбири ташкил этилди. Шу йилнинг ўзида 8 минг нафарга яқин янги кадрларни меҳнат бозорига олиб кираётган олийгоҳ учун бу муҳим тадбир.

Рақамлар ҳам шунга яраша. Маълумотга кўра, шу тадбирнинг ўзида 61 та корхона-ташкилот 700 дан ортиқ иш ўринлари билан иштирок этган. Шундан 300 таси давлат корхоналари, қолгани хусусий сектордаги бўш иш ўринлари. Тадбир давомида 700 нафарга яқин талабалар иш берувчилар билан уч томонлама шартномаларни имзолаган. Бу рақам кейинчалик яна ортиши мумкин. Сабаби тадбирнинг асосий мақсади иш берувчи ҳамда битирувчилар ўртасида алоқа кўпригини яратиш.

Аммо, бир ҳолат эътиборимизни тортди. Гап унда иштирок этган банклар ҳақида. “Халқ банки” вилоят филиали ходимларидан маълумот олмоқчи бўлганимизда, улар ташкилотида бўш иш ўрни йўқлигини, битирувчиларга фақат кўрсатаётган хизматлари ҳақида гапириб берганини айтишди. "Аsia Аlliance Bank" акциядорлик тижорат банки вилоят филиалидан ҳам шундай жавобни олдик.

Худди шундай ҳолат яна бир неча банкда учради. Умумий ҳисобда банклар тадбирга фақат ўз хизматлари ва кредит турларини реклама қилиш учун келган бўлиб чиқяпти. Бундай вазиятни олдинги меҳнат ярмаркаларида ҳам бошқа ташкилотларда кузатганмиз.

Савол туғилади: меҳнат ярмаркалари ўзи нима учун ўтказиляпти? Ҳисобот учунми ёки ишсизларни ишли қилиш учун? Нега банк тизими ўзидаги бўш иш ўринларини кўрсатмаяпти? Ҳолбуки, қонунчиликда ташкилотларнинг ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиши белгиланган. Ҳолатга вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамда Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси масъуллари муносабат билдиради, деган умиддамиз.

Асқар БАРОТОВ.