“Ишга марҳамат” мономаркази битирувчилари 87 та давлатга ўтадиган World skills паспорти олиш имконига эга бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 16 та туман (шаҳар)ларда маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди.
Шунингдек, 2021 йил январдан бошлаб Самарқанд шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази ишга туширилиши кўзда тутилган.
“Ишга марҳамат” мономаркази томонидан битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда танлов асосида 87 та давлатга ўтадиган World skills паспорти олиш имконияти мавжуд бўлади.
Юқорида кўрсатилган марказлар ва масканларда ҳаммаси бўлиб 25 турдан ортиқ касблар бўйича қисқа муддатли курслар (2 ойдан 6 ойгача) ташкил этилади.
Курс якунида фуқароларга давлат намунасидаги диплом ва сертификатлар берилади. Бу сертификатлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилиб, эгаллаган билимларни меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради. Бироқ таълимнинг кейинги турини давом эттириш учун асос ҳисобланмайди.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси асосида касб-ҳунарга ўқитилаётган фуқароларга, ўқиш даврида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида стипендия тўлаб борилади ҳамда ўқиш даври меҳнат стажи сифатида ҳисобга олинади.