Самарқанддаги 141 нафар мактаб битирувчисига олтин ва кумуш медаллар топширилади
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлаганди, – дейди Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасининг таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов. – Унга кўра, белгиланган талабларга жавоб берадиган мактаб битирувчиларига олтин ҳамда кумуш медаллар бериш кўзда тутилган. Шу асосида 2018-2019 ўқув йилида Самарқанд вилояти буйича 11-синфни тугатган 78 нафар ўқувчига олтин ва 63 нафарига кумуш медаль бериш режалаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11-синфларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган ёки академик лицейларнинг барча курсларида фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади. Кумуш медаль эса умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11-синфларида ёки академик лицейларнинг барча курсларида фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга топширилади.
Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси берган маълумотга кўра, 2018-2019 ўқув йилида вилоятимиздан 11-синфни 30 минг 268 нафар ўқувчи битиради ва 30 минг 127 нафарига оддий аттестат берилади.
Дарвоқе, мазкур ҳафтада Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида йигит-қизларга олтин ва кумуш медалларни тантанали топшириш марсими бўлиб ўтади. Шу куни 410 нафар ўқувчи “Имтиёзли касб малакаси дипломи” билан ҳам тақдирланади.