Самарқанддаги 20 та мактаб “PIRLS-2021” халқаро тадқиқотларида қатнашади
Жомбой туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактабида “PIRLS-2021” халқаро тадқиқотларига тайёргарлик кўриш бўйича ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини ошириш юзасидан “PIRLS саволлари асосида машқ дафтарлари билан ишлаш кўникмалари” мавзусида вилоят амалий-семинари бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг апрель ойида вилоятимиз туман, шаҳарларининг 20 та умумтаълим мактаблари “PIRLS-2021” халқаро тадқиқотларида, яъни ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини синовдан ўтказувчи дастурда иштирок этади.
Мазкур нуфузли синовларда дунёнинг 70 га яқин мамлакатларининг ўқувчи-ёшлари қатнашади. Ўзбекистонлик ўқувчилар мазкур синовларда илк бор иштирок этиб, ўз билим ва қобилиятларини намоён этади. Шу билан бирга, мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида олиб борилаётган муҳим ислоҳотларнинг нечоғли аҳамиятга молик эканлигини амалда кўрсатишади.
Синовлар бевосита хорижлик экспертлар гуруҳи томонидан ўтказилади. Унда вилоятдан иштирок этадиган 20 та мактабнинг исталган 4-синфлари жалб қилинади. Бутун республикамиз мактаб ўқувчиларининг натижалари синовларда қатнашадиган хорижий мамлакатларнинг натижалари билан бирга таҳлил қилинади.
Семинарда мутахассислар ушбу муҳим жараёнга муносиб тайёргарлик кўриш, мавжуд бўшлиқларни аниқлаб, тўлдиришга эътибор қаратишди.
Очиқ дарслар орқали малакали ўқитувчиларнинг касбий маҳорати кузатилиб, ўзаро малака ва тажриба алмашилди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.