Самарқанддаги импортёр корхона 15 минг долларлик дебитор қарзини судгача тўлаб берди. Шу боис суд жарима қўллашни рад қилди

Мавжуд маълумотлар асосида Самарқанддаги масъулияти чекланган жамиятининг 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига ташқи савдо шартномалари бўйича 15 минг доллар миқдорида муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжудлиги аниқланган. Шу боис, солиқ тўловчининг шахсий кабинетига ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликни бартараф этиш ёки жаримани ихтиёрий равишда тўлаб бериш тўғрисида талабнома юборилган.

Талабномада дебитор қарздорликни бартараф қилиш чоралари кўрилмаса, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ ҳисобланган 15 миллион 546 минг 720 сўм молиявий жаримани қўллаш бўйича судга мурожаат қилиниши тўғрисида огоҳлантирилган.

Шунга қарамай дебитор қарздорлик бартараф этилмаган ва жарима ихтиёрий равишда тўлаб берилмаган. Оқибатда вилоят давлат солиқ бошқармаси корхонага нисбатан молиявий жарима қўллашни сўраб, судга даъво аризаси киритган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ, чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар, шунингдек, “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни 30 банк кунидан ортиқ таъминламаган импорт қилувчилар (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун 60 банк куни) белгиланган муддатлар тамом бўлгандан кейин 180 кунгача кечикканда тушмаган валюта маблағлари ёки “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида расмийлаштирилмаган товарлар, шунингдек, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар суммасининг 10 фоизига тенг миқдорда;

180 кундан 365 кунгача кечикканда тушмаган валюта маблағлари ёки “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида расмийлаштирилмаган товарлар, шунингдек бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар суммасининг 20 фоизига тенг миқдорда қўшимча;

365 кундан ортиқ кечикканда тушмаган валюта маблағлари ёки “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида расмийлаштирилмаган товарлар, шунингдек бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар суммасининг 70 фоизига тенг миқдорда республика бюджети даромадига қўшимча жарима тўлайди.

Вилоят давлат солиқ бошқармасининг маълумотига кўра, жавобгар «Elastic Sam» масъулияти чекланган жамияти 2020 йил 16 декабрь ҳолатига 15 минг доллар муддати ўтган дебиторлик қарздорлиги судга даъво ариза тақдим этилганидан кейин тўлиқ бартараф қилинган. Суд мажлисида даъвогар вакили шу боис, аризани қаноатлантиришни рад этишни сўради.

Жавобгар вакили У.Отабоев судга банкнинг маълумотномасини тақдим этиб, 2020 йил 16 декабрь ҳолатига «Elastic Sam» масъулияти чекланган жамиятининг “Qingdao Wings Plastic Technoloy Co.,Ltd” хорижий ҳамкори билан тузилган 2019 йил 29 импорт контракти бўйича дебиторлик қарздорлиги мавжуд эмаслигини баён қилди.

Юқоридагиларга асосан суд вилоят давлат солиқ бошқармасининг жавобгар жамиятга 15 миллион 546 минг 720 сўм молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги талабини қаноатлантириш рад этишни лозим, деб ҳисоблади. Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан олдиндан тўланган 17 минг 840 сўм почта харажатини зиммасида қолдиришни лозим топди.

М.Дўсматова,

Самарқанд шаҳар иқтисодий суди судьяси.