Самарқанддаги мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди

Кеча, 25 сентябрь куни соат 14:08 да Қавола МФЙда жойлашган “Зар мебель” оилавий корхонасига қарашли мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида Самарқанд шаҳар ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Хабар асосида ёнғинни бартараф этишга 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар воқеа жойига 12 дақиқада етиб борганда «Зар мебель»га қарашли мебель ишлаб чиқариш цехининг ички қисми қуюқ қора тутун билан қопланган ҳолда очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган.

Ёнғин соат 14:45 да ўраб олиниб, 16:10 да бартараф этилган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғин оқибатида ишлаб чиқариш цехининг 95 квадрат метр майдонида - томи, ички қисми, жиҳозлари ва тайёр маҳсулотлар ёниб зарарланган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмасининг хабар беришича, ёнғинга сабаби ишлаб чиқаришда технологик регламентнинг бузилиши, деб тахмин қилинмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.