Самарқанддаги ОТМларда “Давлат фуқаролик хизматига кириш” мавзусида очиқ мулоқотлар ташкил этилди

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан Самарқанд шаҳрида жойлашган ОТМларининг уч мингдан зиёд битирувчи талабалари билан учрашувлар ташкил этилди.

Учрашувда филиал ҳамда ОТМ масъуллари иштирок этди. Унда битирувчи талабаларга давлат фуқаролик хизматига кириш тартиби, давлат фуқаролик хизматида ишлашнинг аҳамияти, қобилиятли ёшларни давлат ишига меритократия тамойили асосида қабул қилиш тизими, ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумотлар берилди.

- Учрашувлардан кўзланган асосий мақсад талабаларнинг давлат фуқаролик хизматига бўлган қизиқишини ошириш, уларга ишга киришнинг очиқ танлов тизими ҳақида кенгроқ маълумот бериш ҳамда салоҳиятли ёшларни давлат фуқаролик хизматига жалб қилишдан иборат бўлди, - дейди филиал мутахассиси Р.Умарова.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети битирувчи-талабалари билан ташкил этилган учрашув самарали кечди. Бугунги кунда университетда 9 мингга яқин талабага 2 мингдан зиёд тажрибали профессор-ўқитувчилар билим бермоқда.  Битирувчи курс талабалари яқин кунларда университетда ўрганган билим ва компетенцияларини амалиётда қўллаш учун давлат органлари ва ташкилотларига ишга жойлашади. Хўш, битирувчилар ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашиш юзасидан маълумотларга эгами?

Университетнинг 300 дан зиёд битирувчи талабалари билан ўтказилган очиқ мулоқотда ушбу саволларга жавоб берилди. Унда, шунингдек, давлат органларида мавжуд вакант лавозимларнинг ягона очиқ портали https://vacancy.argos.uz платформаси ва давлат фуқаролик хизматида ишлашнинг аҳамияти тушунтирилди.