Самарқанддаги саноат корхоналарининг қувватларидан фойдаланиш даражаси 51,4 фоиз: Муаммо нимада?
Вилоят саноат штаби томонидан вилоятдаги 9100 та саноат корхонаси ўрганилганда 1800 га яқин корхонада турли муаммолар борлиги аниқланган.
Ихтиёрий тугатиш жараёнида бўлган 704 та корхонанинг 47 таси фаолияти тугатилган, 147 тасининг фаолияти тикланган ва 510 тасида тугатиш жараёни давом этмоқда.
Жорий йил август ойидаги ўрганишларга кўра, фаолият кўрсатаётган 5164 та корхонанинг 877 тасида камерал ва кузатув назорати олиб борилганлиги натижасида қўшимча 222 миллиард сўмлик ҳажм ҳисоб-китоб қилинган ва 4653 нафар нолегал ишчилар аниқланиб, уларнинг 3505 нафари легаллаштирилган. Шунингдек, 2270 та вакант иш ўринлари аниқланган.
Вилоятда фаолият юритаётган 4829 корхонадан 2749 таси тўла қувватда ишламаяпти. Бунга эса электр, газ, сув таъминоти, хомашё, кредит, солиқ, маҳсулот сотиш, кадрлар етишмаслиги каби муаммолар сабаб бўлган. Бу билан вилоят бўйича саноат қувватларидан фойдаланиш даражаси 51,4 фоизни ташкил қилади. Агарда корхоналарнинг қуввати 10 фоизга оширилса, қўшимча 5,5 триллион сўм ҳажм бўлиши ҳисоб-китоб қилинган.
Саноат корхоналаридаги бу каби муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, муддат белгиланган.
- Туманимиздаги 66 та ихтиёрий тугатишга олинган корхонада ўрганишлар олиб борилиб, уларнинг 7 таси фаолияти тикланди ва 3 та корхона ихтиёрий равишда тугатилди, - дейди Самарқанд тумани ҳокимлиги иқтисодиёт ва молия бўлими бош мутахассиси Зуфар Маҳмадиёров. - Яна 115 та корхонада ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Тумандаги 500 га яқин саноат корхонасидан тўла қувватда фаолият кўрсатмаётганларига ишлаб чиқаришда тўсиқ бўлаётган муаммоларини бартараф этиш ва қувватни ошириш бўйича кўмак кўрсатилмоқда. 496 та корхонада олиб борилган ўрганиш натижасида 57 миллиард 238 миллион сўмдан ортиқ ҳажм (ўсиш 3,3 фоиз) ва 113 та иш ўрни (ўсиш 2,6 фоиз) аниқланди.
Ўктам Худойбердиев.