Самарқанддаги ташкилот раҳбари вилоят аҳолисига мурожаат билан чиқди

Мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий ва маънавий тараққиётида юртимиздаги энг тажрибали мурувват ташкилотларидан бири бўлган Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг ўрни ва салоҳияти анчагина салмоқли.
Жаҳон миқёсида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой Ҳаракати ташкил этилганига бу йил 156 йил бўлган бўлса, жорий йил 14 ноябрда Ўзбекистонда Қизил Ярим ой жамиятининг ташкил этилганлигига 94 йил тўлади. Ана шу давр ичида жамият давлат органларининг яқин кўмакчиси сифатида ўзининг Низомида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб Республикамиз ҳаётининг турли жабҳаларида аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти ўзининг серқирра фаолиятини Республикамиз мустақиллиги йилларида кўпроқ намоён қилишга эришиб келмоқда. Бу нарсани жамиятнинг вилоятимиз ташкилоти фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин. Жумладан, аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш ва биринчи ёрдам асосларига ўргатиш бўйича вилоят ташкилоти қошида 127 нафар кўнгиллилардан иборат қутқарув гуруҳи тузилиб, ушбу гуруҳнинг фаолияти Республикада намунали деб баҳоланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 24 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан фавқулодда вазиятларда маҳаллий даражада биринчи ёрдам кўрсатишга ўқитиш вазифаси Қизил Ярим ой жамияти зиммасига юклатилган. Вилоят бўйича турли идоралар, корхоналар ва муассасаларда, маҳаллаларда жами 2423 нафар фуқаролар биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўргатилди. Шулардан 8 нафар фуқаролар фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш бўйича ўқитиш ҳуқуқига эга бўлди ва сертификатлар билан таъминланди.
Ҳозирги кунда вилоят ҳокимининг 2019 йил 22 июлдаги “Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг Самарқанд вилоят ташкилоти тиббий-ижтимоий марказида аҳолини фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўқитишни ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи билан мулкчилик шаклидан қатъий назар вилоятдаги меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида биринчи ёрдамга ўқитиш ишлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 августдаги “Аҳолининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёргарлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликда маҳаллалар аҳолисини биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўргатиш ва “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” кучларига услубий-маслаҳат бериш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда Хитой Қизил Хочи кўмагида Самарқанд шаҳри ва Тойлоқ туманида биттадан маҳалла танлаб олиниб, ушбу маҳаллаларда, улар ҳудудидаги мактаблар ва болалар боғчаларида фавқулодда вазиятларда қутқариш, биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган лойиҳа ўз фаолиятини бошлади.
Вилоят ташкилоти қошида фавқулодда вазиятларда маҳаллий даражада мурувват ёрдамларини кўрсатиш учун 100 оилага мўлжалланган кўрпа-тўшаклар ва уй-рўзғор анжомларидан иборат омборхона шакллантирилган. Вилоятдаги туманлар ташкилотларида ҳам бу каби омборхоналар ташкил этилмоқда.
Жамият фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлган аҳолини ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш ишлари жамият вилоят ташкилотининг “Меҳр-шафқат хизмати” гуруҳи орқали олиб борилмоқда. Доимий равишда жамият қарамоғига олинганлар ва вилоятимизнинг шаҳар ҳамда туманларида истиқомат қилаётган моддий ёрдамга муҳтож бўлган 242 нафар фуқароларга Давлат дастурида белгиланган вазифалар билан қўшиб ҳисоблаганда 77 миллион 346 020 сўм миқдорида пул маблағлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ва дори-дармонлар билан ёрдамлар кўрсатилди.
Вилоят ташкилоти қошидаги “Ёшлар маркази” томонидан ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи бўйича учрашув, танловлар, беллашувларлардан иборат бўлган 26 та тадбирлар ўтказилди. Уларда 780 нафар талаба-ёшлар иштирок этди.
Аҳоли ўртасида Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқларини тарғиб қилиш бўйича 44 та семинар ва суҳбатлар ўтказилиб, уларда 1024 нафар иштирокчиларга Женева Конвенциялари ва уларга Қўшимча Баённомалар ҳақида маълумотлар берилди. Оилаларни бирлаштириш бўйича 23 та хатларга жавоблар йўлланди.
Вилоят ташкилоти ўзининг инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган кундалик фаолиятини ҳозирги кунда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилган 298 та бошланғич ташкилотларининг раислари ва жойлардаги 4828 нафар кўнгиллилари орқали амалга ошириб келмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Федерациясининг 165-аъзоси сифатида ўзининг аъзолик бадалларидан иборат молиявий кўмаклари воситаси билан жаҳоннинг турли бурчакларида содир бўлаётган табиий ва техноген характердаги офатлар, қуролли тўқнашувларда жабрланганларга моддий ёрдамини кўрсатиб келмоқда.
Ана шу амалга оширилган ишларнинг барчаси жамият жамғармасига хайрия тўплаш ўн кунлигида келиб тушган маблағлар ва жамият аъзоларининг аъзолик бадаллари ҳамда ўқув машғулотларидан тўпланган маблағлар асосида ташкил этилиб келинмоқда.
Вилоят ҳокимининг 2019 йил 7 ноябрдаги «Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Самарқанд вилоят ташкилотини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Самарқанд вилоят ташкилоти жамғармасига маблағ тўплаш ўн кунлигида иштирок этишингизни ва шу орқали жамиятнинг хайрли ишларида фаол қатнашишларингизни сўраймиз.
М.АРИПОВА,
Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Самарқанд вилоят ташкилоти раиси.