Самарқанддаги йирик халқаро тўқимачилик конференцияси ўз ишини бошлади
8-10 сентябрь кунлари Самарқандда дунёдаги иккита йирик тўқимачилик ассоциациясининг биринчи қўшма конференцияси — “ITMF Annual Conference & IAF World Fashion Convention 2024” (халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар Федерациясининг йиллик конференцияси ва халқаро кийим ишлаб чиқарувчилар ассоциациясининг жаҳон мода конвенцияси) ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.
Айни пайтда мазкур нуфузли тадбир ўз ишини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбир иштирокчиларига йўллаган табригини инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, бундай нуфузли тадбир вилоятимизда ўтказилаётгани самарқандликлар учун шараф эканлигини айтди. Кейинги 5 йил ичида Самарқандда тайёрланган текстил маҳсулотлари экспорти 2,5 бараварга ошганлигини таъкидлади.
“Инновация, ҳамкорлик ва тартибга солиш — тўқимачилик саноати ва текстил соҳасини ҳаракатлантирувчи кучлари” тадбири “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Унда 500 дан ортиқ соҳа мутахассислари, йирик халқаро тўқимачилик компаниялари, брендлар, молия институтлари ва чакана савдо вакиллари иштирок этмоқда.
Икки кун давомида расмий бизнес дастури доирасида конференция иштирокчилари саноатнинг энг долзарб масалалари ва муаммоларини муҳокама қилади.