Самарқанддан Истанбулгача: сафар қийинчиликлари ва таассуротлари

Авиабилетни Қозоғистондан олдик

Истанбулга нафақат Тошкентдан, балки Самарқанддан ҳам тўғридан тўғри ҳаво қатновлари йўлга қўйилганига анча бўлди. Қўшни давлатдан билет олишимиз эса нарх-наво билан боғлиқ. Самарқанддан Чимкент халқаро аэропортигача енгил машинада беш-олти соатлик йўл. Худди шу вақт ичида шаҳримиздан Истанбулга ҳам етиб бориш мумкин. Афсуски, ҳали-ҳамон кўпчилик анча вақтини йўқотиб, Қозоғистон шаҳарлари орқали Туркияга боришни маъқул кўради.

Февраль ойининг сўнгги кунларида Самарқанд шаҳридаги авиакассалардан Истанбулга чипта суриштирдим. Яқин бир ҳафтага йўқ экан, ундан кейинги кунларга эса бориш-келиш чиптасини беш миллион сўм (600 АҚШ долларидан зиёд) га топиб берамиз, дейишди. Қўшни давлатда эса Истанбулга билет 240 АҚШ доллари! 3 март кунига. 

Шундай қилиб, Туркия сафари қўшни давлатдан бошланадиган бўлди. Йўлга чиқиш олдидан танишларимдан бирининг айтган гапи бироз хавотирга сабаб бўлди. "Афсус, қиммат бўлса ҳам шу ердан учмабсан, бир вақтлар мен қўшни давлатга бориб келгандим. Чегарадан ўтишда уч соатлик навбат, ҳужжатлар расмийлаштириш азоби сизларни чарчатиб қўяди…" Аммо ўзбек-қозоқ чегарасига борганимизда хавотирга ўрин қолмади. Ўн беш дақиқа ичида ҳужжат ва юкларимиз кўздан кечирилиб, оқ йўл кўрсатилди. Яхши кайфият билан Чимкент вилоятига кириб, аэропортга такси ёлладик, тахминан 100 километрлик масофа учун киши бошига 800 тенге (тахминан 16-18 минг сўм)га келишдик. Машина йўлга чиқаркан, салондан тинимсиз огоҳлантириш сигнали келавергач, ҳайдовчи хавфсизлик камарини ўтказиб олишимни сўради. 
Чимкент халқаро аэропорти. Бу шаҳар Қозоғистоннинг энг чекка ҳудудларидан эканини ҳисобга олсак, замонавий ва йўловчилар учун қулай аэропорт. Парвоздан қирқ дақиқа олдин терминалга кириб бордик, 20 дақиқада юкларимиз қабул қилиниб, паспорт назорати тугади. 

Тўрт соатлик парвоздан сўнг... Оқтов шаҳридаги аэропортга қўндик. Ҳа, Истанбулга эмас. Негаки, Чимкент ва Истанбул оралиғи Самарқанддагидек яқин эмас, масофа узоқ. Оқтовдан бошқа самолётга ўтишга тўғри келади. Навбатдаги паспорт назорати ва навбатдаги кутиш бу сафар малол келди. Даволаш учун олиб бораётган фарзандимиз толиқиб қолди. Шу ерга келгандагина Чимкентдан анча яқин бўлгани ҳолда ўз юртимизда авиачипталарнинг ҳаддан ташқари қимматлиги алам қилди. Эҳтимол, бошқа давлатларда қатор авиакомпаниялар бўлгани ҳолда бизда бор йўғи битта – "Ўзбекистон ҳаво йўллари" мавжудлиги шундай ҳолатга олиб келгандир. Ахир, қачон, қайси хизмат тури рақобатсиз ҳалол ва сифатли бўлган? Дарвоқе, йўл-йўлакай биздан аҳолиси икки баробар кам бўлган Қозоғистонда фаолият кўрсатадиган учта авиакомпания номига кўзим тушди. Айтайлик, сизга бу ердаги "Скат" авиакомпанияси хизмати ёқмаса, марҳамат, "Эйр Астана" хизматидан фойдаланасиз.
Давом этамиз. Тахминан яна тўрт соат парвоз қилиб, Туркия ҳаво ҳудудига кириб, келдик.
Европанинг учинчи энг катта аэропорти

Пастга яқинлашган сари юзлаб самолётлар тизилиб турган улкан Отатурк аэропорти сизни ҳайратга солади. Йўловчилар сони бўйича бу аэропорт дунёда 11, Европада 3-ўринда туради. Ҳар йили 60 миллиондан зиёд йўловчиларга хизмат кўрсатилади. Ҳар икки дақиқада битта самолёт ҳавога кўтарилади. Истанбулда катталиги жиҳатидан Отатуркдан унчалик ҳам қолишмайдиган яна бир аэропорт бор. Энди эса янада улкан учинчи аэропорт қуриляпти. Чунки мамлакатга сайёҳларни кўпроқ жалб этиш учун, энг аввало, имкон қадар кўпроқ, сифатлироқ авиарейслар хизмати таклиф этилиши керак! 
Бу аэропортнинг икки қаватли терминалини кичикроқ шаҳар дейиш мумкин. Шундай бўлса-да, адашиб кетмайсиз, ҳар қадамда йўл кўрсаткичлар, аэропорт ходимлари инглиз тилида ҳам бемалол сўзлашади. Қатор турган аравачалар ёнига келиб, кўрсатилган жойга бир лиралик танга ташлагандик, аравачалардан бирининг занжири ечилди. Юкимизни жойлаб, аэропортдан чиқдик.

Ассалом, Туркия!

Истанбул. Аҳолиси сони бўйича дунёда еттинчи, Европада биринчи ҳисобланувчи бу шаҳарда кечаю кундуз одам гавжум. Тепаликлардан иборат қадимий шаҳар йил сайин кенгайиб бормоқда. Бинолар худди бир бириннинг устига қурилгандек кўринади. Расмий маълумотларга кўра, шаҳар аҳолиси 15 миллион нафарга етган. Аммо айни вақтда Истанбулда Ироқ, Сурия, Афғонистон, Шимолий Африка ҳамда Осиё давлатларидан келиб яшаётганлар сони ҳам бир неча миллионни ташкил этаркан. 

Шаҳарда дўкон кўп бўлса керак, деб ўйлагандик. Йўқ, меҳмонхоналар кўпроқ экан. Ҳар қадамда меҳмонхона. Беш юлдузли бўлмаса-да, яхши шароитга эга меҳмонхонага 10 доллар тўлаб, жойлашиш мумкин. Уч кишидан иборат оилага кўпчилик меҳмонхоналар 20 долларга хона таклиф этишади… 
"Кишмат" меҳмонхонасида Матлуба исмли аёл соф ўзбек тилида гаплашиб, бизни хонамизга кузатиб қўйди!

Эрта тонгда уч томондан келаётган азон овозидан уйғондик. Барча меҳмонхона каби бу ерда ҳам нонушта меҳмонхона ҳисобидан. Хонамизга қайтиб, деразани очиб, ташқарига қарарканман, ҳайратдан ўзимни йўқотаёздим. Шундоққина рўпарамда Қора денгиз мавжланиб турибди! Кемаларнинг саноғи йўқ. Деразамизга дам-бадам денгиз қушлари келиб қўнади. Аниқ манзилни билиш учун ўзимизга керакли шифохонага қўнғироқ қилгандик, улар биз жойлашган меҳмонхонани сўрашди. Одатда Туркия шифохоналари хориждан келувчиларни аэропортнинг ўзида кутиб олар ва кузатар экан, айтмаганимиз, бизни ҳеч ким кутиб олмагани ва кечаси меҳмонхонада тунаганимиз учун бироз хижолат бўлишди. "Мерҳабалар" деганча хонамизга кириб келиб, бизни Арнауткўй деган масканга таклиф этишди. 
Туркия медицинаси, тиббиёт ходимларининг бемор ва уларнинг яқинларига муомала, муносабати алоҳида мавзу. Ҳозирча шуни айтиш мумкинки, бу ерда дунёнинг барча мамлакатлари, ҳатто ривожланган Европа давлатларидан ҳам келиб даволанишади.

Шанба ва якшанба кунлари Истанбул кўчаларини айландик. Туркияга борганда бирор банкка кириб, халқаро картамдаги пулдан нақдлаштириб олишни режалаштиргандим. Аммо ҳеч қандай банкка боришга ҳожат қолмади. Кўчаларда ҳар эллик қадамда уч-тўртта ёнма-ён банкоматлар жойлаштирилган. Маҳаллий аҳоли ҳам, дунёнинг турли давлатларидан келган меҳмонлар ҳам истаган жойда тўхтаб, ё нақд пул олишади ёки пластик карталарига пул қўйишади. Нақд пул олаётганларни тушуниш мумкин, кўча-кўйда керак. Аммо чўнтагидаги пулни картага ўтказаётганлари ўша вақт бироз ҳайрон қолдирди. Кейинроқ билдимки, бу ерда нақд пул олиб юриш анча ноқулай экан. Тушдан кейин автобусга чиқиб, биринчи ҳолатга дуч келдим. 

Автобусда нақд пул олинмайди

Истанбул қанчалик катта ва аҳолиси зич бўлмасин, транпорт хизматида жиддий муаммо йўқ. Биринчидан, кенг, равон кўчалар, кўприк, ерости йўллари жуда кўп. Иккинчидан, жамоат транспорти тури ҳам анчагина. Эътиборли томони, кўчаларни қанча кезсангиз ҳам шовқин-суронли завод, чиқинди ташлаш жойлари, коммунал хизмат иншоотларига кўзингиз тушмайди. Фақатгина улкан ва чиройли бинолар, тарихий иншоотлар, меҳмонхона, дўкон ва умумий овқатланиш шохобчалари. Ҳатто "пикник" учун яшил майсазор ва ўрмончалар ҳам етарли. Дарвоқе, бу шаҳарда таксидан фойдаланмаган маъқул, анчагина қиммат.
Автобусга фақат олд эшикдан чиқиларкан, чиқдим, кондуктор йўқ, ҳайдовчига пул узатгандим, ўзиям сесканиб кетди: 
– Ай, аркадашим, карт вер карт, Станбул карт.
Менда эса йўловчи пластик картаси йўқ.
– I am tourist, I have not card...
Шундай деганимдан сўнг ҳайдовчи автобус ўриндиғига ишора қилди:
– Мерҳаба, аркадашим.
Хуллас, мендан нақд пул олишдан кўра, текин хизмат кўрсатишни афзал билгани эсдан чиқмайдиган бўлди. 
Йўловчилар автобусга чиқишаркан, ҳайдовчи ёнидаги ускунага пластик карталарини бир теккизиб ўтишяпти. Сўраб кўрдим, Истанбулдаги истаган бекатда йўловчи картаси олиш мумкин экан, олдик. Бу карта билан нафақат автобус, балки метрополитен, метробус, пароход... ҳожатхонага ҳам кириш мумкин. 

Жамоат транспорти белгиланган жадвалга шунчалик қатъий амал қиладики, соатингизни тўғрилаб олишингиз мумкин. Бекатларда, ҳар бир автобуснинг келиш вақти кўрсатилган электрон табло, карталарни тўлдириш учун махсус терминаллар бор. Одатда Истанбулни энг кўп тирбанлик юзага келадиган шаҳарлардан дейишади. Аммо бир ой давомида унчалик кўп тирбандликка гувоҳ бўлмадик. Расмий статистика билан амалдаги ҳолат ҳар доим ҳам тўғри келавермас экан.

Истанбулликлар ҳар бир сайёҳга Қиз қалъасига боришни таклиф этишади. Мармар денгизининг кичик бир оролида жойлашган бу қалъанинг қачон барпо этилгани ҳақида турли маълумотлар бор. Баъзи манбаларга кўра, эрамиздан аввалги 411 йилда қурилган. Бу ерга боришнинг яна бир яхши тарафи бор. Шаҳарнинг гўзал манзараси, муҳташам масжид миноралари, бўғоздан ўтаётган пароходлар – барча-барчаси шундоққина намоён бўлади. Истанбул шаҳрининг бир қисми Европа қитъасида, яна бир қисми Осиёда жойлашган. Ҳар икки қирғоқдан ҳам Қиз қалъаси кўриниб туради. 
"Ҳовлиси бор экан!"
Бозорлар худди ўзимизникидек, ҳатто киноларда тасвирланган ўтмишимизни эслатади. Сотувчиларнинг қулоғингиз остида "Кееп қолинг"га ўхшаш қийқириб қолишига ўрганиш қийинроқ. Ерда ўтирволиб, нарса сотаётганлар ҳам бор.

Истанбулдаги тамаддихоналарда кўпроқ товуқ ва балиқ гўштли таомлар таклиф этишади. Мол гўшти анча қиммат, тахминан 90 минг сўм. Аммо бирор овқатида ёғли гўшт йўқ. Азбаройи "ичим тўкилиб" кетганидан думба ёғи сўраб кўрдим, фойдасиз. Цитрус мевалар биздагидан уч баравар арзон. Аммо бизнинг ёнғоқ ва майиз у ерда ноёб бир неъмат. Супермаркетдаги майизнинг барчаси йирик данакли майиз. 
Турк "аркадаш"ларга ўзимиз билан олиб борган қуруқ мевалардан татиб кўришни таклиф қилдим. Нархи билан қизиққанларга тўғрисини айтиб қўяқолдим, ўз ҳовлимда етиштирилган. Кутилмаганда улар бундан ҳайратга тушди ва бир-бирларига айта бошлади: "Бақчаси (ҳовлиси) вар!!!" Улардан бири ҳовлимнинг майдони билан қизиққач, дарров маслаҳат бера бошлади. Тезда ҳовлинг ўрнида 15 қаватли уй қур, одамларни ижарага қўясан, деган маънода. Туман чеккасида яшашим, у ерда одамларнинг ижара уйларга эҳтиёжи йўқлиги, қолаверса, бошқаларнинг ҳам ўз ҳовлиси борлигини айтганим сари уларнинг ҳайрати ошаверди. 

Хуллас, Истанбулда ҳовлиси бор одам миллионер ҳисобланаркан. Бу ерда аксарият одамлар кўп қаватли уйларда бир умр ижарада яшашади. Аммо ижарада яшаса-да, ўзларини бахтли ҳисоблайди. Уларга биздагилар меҳнат қилиб йиққан-терганини ҳашаматли уйлар қуришга, уйи бўлса-да, яна бир нечта иморатлар солишга сарфлашини айтиб ўтирмадим. Биринчидан, буни қабул қилишолмайди, иккинчидан, кулади. Яхши дам олиш, саёҳат ва турли харидлар қилиш, фарзандларини ўқитиш, соғлом парваришлаш улар учун асосий мақсад.

***

Ой охирларига бориб, намгарчилик, тинимсиз ёмғирлар бездириб юборди. Серқуёш юртимизга қайтар соатимизни кута бошладик. Ва ниҳоят, яна Отатурк аэропорти. Одатда аэропорт терминалида юклар билан бирга қалин кийимлар ҳам кўрик учун бир неча сонияга топширилади. Ана шу жойда қизиқ ҳолат бўлди. Ўғлим "Курткамни ечмайман", – деб туриб олгач, назоратчилар жилмайиб, икки қўлини кўтарди: "Мерҳаба, жужуқ". Хуллас, бу ерда ҳам "темир қоида" эмас, боланинг айтгани бўларкан, ўзимиздагидек. Қисқа вақт ичида назоратдан ўтиб, бир дунё таассуротлар билан ҳавога кўтарилдик. Хайр, Истанбул!
Олдинда бизни Оқтов аэропорти, у ердан бошқа самолётга ўтиб, Чимкент аэропорти, у ердан эса Қозоғистон-Ўзбекистон чегараси постлари кутиб турарди…

 

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, 
Самарқанд – Истанбул – Самарқанд.