Самарқандлик 7 нафар собиқ маҳкум Наврўзни оиласи бағрида нишонлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармон билан 140 нафар, шу жумладан, 7 нафар самарқандлик фуқаро афв этилди. Яъни, шунча жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқаронинг қилмиши кечирилди.
Афв этилганлар орасида жазодан тўлиқ озод этилган, озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган, шунингдек, тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилганлар ҳам бор. Самарқандлик 7 нафар назоратдаги шахслар муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Қайд этиш лозимки, афв этилганларнинг деярли барчаси гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилинган.
Мазкур фуқароларнинг 6 нафари эркак, бир нафари аёл киши. Яъни, бир нафари асли қўшработлик, 3 нафар Самарқанд ҳамда 3 нафар Ургут туманларидан бўлган собиқ маҳкумлар Наврўз байрамини ўз яшаш манзилларида нишонлаш имкониятига эга бўлди.
Муддатидан илгари шартли равишда озод этилиб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтган мазкур фуқаролар бундан кейин жиноят йўлига кирмаслиги, ижтимоий муҳитга мослашиб соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишларига кўмаклашилади.
Нодир Каримов,
вилоят ИИБ Пробация бўлими катта инспектори, капитан.