Самарқандлик 71 яшар Шодиқул бобо ҳажга велосипедда бормоқчи. Шериклар борми?
Чорвоққа!
Шодиқул бобо 2011 йилда шогирди билан Самарқанддан Нукусгача велосипедда борган, кам эмас-кўп эмас 1 400 километрни босиб ўтган. Ундан ташқари кўплаб манзилларга велосаёҳат уюштирган. Асли касби ҳайдовчи бўлган, ора-сирада велоспорт билан шуғулланган отахонни яна йўл чорламоқда.
Термизга кетаётиб
- Мен тўрт девор орасида ўтиролмайман. Бугун ҳам тоғдан қайтяпман. Икки минг метр баландликка пиёда кўтарилдик, икки кун дам олиб қайтиб тушдик. Ҳаёт пул йиғишдан иборат эмас-ку, саёҳат бу – бойлик. Ҳар куни масжидга бораман, ободонлаштириш ишларига ёрдам бераман, уникига бораман, буникига бораман, бунақаси бўлмайди-да энди. Кўраман, "Кексаман", деб ё уйида ўтиради ё маъракама-маърака юришади. Одамда олий мақсад бўлиши керак, бемақсад яшаб бўлмайди” - дейди у.
Китоб йўлида...
Шодиқул Эгамбердиевнинг олий мақсади – Ҳажга велосипедда бориш. Ёлғиз эмас, шериклар билан. Каъба зиёрати қанчалик муҳим бўлса, муқаддас жойга саёҳатнинг ўзи ҳам шу қадар аҳамиятли, деган фикрда Шодиқул бобо. Чунки саёҳат давомида инсон ўзини кашф этар, ўзлигини теранроқ англашни бошлар экан.
Алвасти кўли. Қашқадарё вилояти.
- Велоспорт, авваламбор, соғлиқ учун яхши. Шериклар билан йўлда ҳаёт ҳақида суҳбат қуриш, янги жойларни кўриш ва англаш қандай завқли. Саёҳатимизнинг яна бир мақсади – туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш. Бошқа мамлакатларга ўтсак, кимсан деб сўрашади. Шунда биз Ўзбекистон ҳақида айтиб берамиз, қизиқиши ошмайдими?
Беруний шаҳри. Қорақалпоғистон Республикаси.
Шодиқул бобо 50 кишича йиғилсак, Ўзбекистондан Туркманистонга, кейин Эрон, ундан кейин Саудия Арабистонига ўтсак, деган ниятда. Йўлда икки автобус кузатса, бири – ошхона, иккинчиси – ётоқхона вазифасини ўтайди. Кунига 100 километр ўтиб, кечга йўл четида автобусда дам олаверишади.
- Ким истаса, менга шерик бўлсин. Авваламбор, шериклар билан жиддий тайёргарлик кўрамиз. Бунинг учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат уюштирамиз. Уларни текшириб кўраман, улар ақлан, руҳан, жисмонан тайёр бўлиши керак. Мен-ку кунига 100 километр йўлни босиб ўтишга тайёрман, бошқаларни билмайман-да! Тайёр бўлсак, келаси йил Рамазон ойидан кейин йўлга чиқамиз, - дейди Шодиқул бобо.
Самарқанддаги Боғибаланд маҳалласида Шодиқул бобони велосипедсиз деярли кўришмайди. Отахон ҳар куни эрталаб унда сайр қилади. Кун давомида ҳам темир тойчоғини бир ғилдиратиб келади. Узоқ саёҳатга чиқадиган бўлса, дўсти – Володя Германияда тайёрланган эҳтиёт қисмларидан махсус велосипед ясаб беришга ваъда қилган.
Шодиқул бобонинг биргина умиди тегишли идоралар мутасаддиларидан. Улар қўшни мамлакатларга велосипедда ўтишни қонуний расмийлаштиришда ёрдам берса бўлгани.
Ф.МЕЛИБОЕВ.