Самарқандлик аёлни риштонлик рецидивист “чув” туширди

Ўғри пластик картадан ечилган 12 миллион сўмдан кўпроқ пул учун 5 йилдан кўпроқ панжара ортида ўтирадиган бўлди.

Саҳобиддин Одилов (исм, фамилиялар шартли) ҳали 20 ёшга ҳам тўлмаган. Асли Риштон туманида туғилган бу йигитча 18 ёшидаёқ судланган. Унга 2018 йилда 169-моддаси (ўғирлик) 2-қисми “г” (уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган) банди билан иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Кейинроқ жазо шартлиги алмаштирилиб, 1 йил синов муддати белгиланган.

Бироқ уч жазо муддати тугамасидан яна ўғирлик қилди. Фақат бу сафар қинғирликни Самарқандда амалга оширди.

С.Одилов судда берган кўрсатмасида Росиф Федерацияси Свердловский шаҳрида ишлаётган отаси уйга қайтиб келгач у билан жанжаллашиб қолганлигини баён қилган. Шундан сўнг у ишга деб уйдан чиқиб кетиб, тўғри Тошкент шаҳрига борган. Пойтахтдан сўнг Наманган ва Андижонда бир муддат бўлган йигитча Самарқанд шаҳрига келган.

Аввал ҳам Самарқанд шаҳрида бўлган С.Одилов меҳмонхоналардан бирига жойлашган. Одатий кунларнинг бирида Амир Темур мақбараси ёнида икки аёл билан ўзаро суҳбатлашиб, Риштон туманида кулоллик буюмлари ишлаб чиқарувчи цехи борлиги, бу ерга маҳсулотларни сотиш учун келганлигини айтиб уларнинг ишончига киради. “Савдогар” меҳмонга ишонган онахонлардан бири уни уйига меҳмонга таклиф қилади.

Чўнтагида пули тугагат С.Одилов учун бу айни муддао эди. Негаки, у меҳмонхона харажатларини тўлаш учун бош қотириши шарт эмас. Шу ўй билан у Заҳро опаникида меҳмон бўлади. Унинг оила аъзоларини ҳам ўзини “бойвачча” кулол эканлигига ишонтириб, ҳовлига ўрнашиб олади. Кулолнинг буюмлари Фарғонадан етиб келмаётганлигидан шубҳаланиб бошлаган хонадон соҳиблари навбатдаги ҳангомага дуч келишади. С.Одиловни “Сиёб” деҳқон бозорида учратиб қолган меҳмонхона иш бошқарувчиси уни кузатиб келиб, ўн кунлик меҳмонхона харажатларини тўлаб қўйишини талаб қилади. Вазиятдан устамонлик билан фойдаланган С.Одилов қарзларини тўлаб туришни Заҳро опадан илтимос қилади. Қарийб икки-уч миллион тўлов қилган Онахон ҳар куни кулолдан “юк”лари қачон келишини сўраб, қарзни эслата бошлади.

С.Одилов юклар тўғрисида “чурқ” этмаса-да пластик картасига яқин кунларда 35 миллион тушишини билдиришдан чарчамасди. Заҳро опанинг набираси билан яқин орадаги банкоматдан пластигини текширтириб келиб, унда 350 сўм борлиги кўрсатилган чекка ишора қилиб, “нимагадир пластигим банкоматга тушмаябди. Қаранг қолган ноллар кўринмаяпти”, дерди. Бунга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай, турган Заҳро опа кўп ўтмай, қарзлари қайтарилгач, шубҳаларидан ўзи уялиб кетди. Аммо у бу пуллар қаердан келганини билганида эса бир муштипар “чув” тушиб бўлганди.

Маълум бўлишича, одатдаги тарзда банкоматга келга С.Одиловдан бир онахон айнан унинг пластик картасига ўхшаш картани узатиб, 500 минг сўм нақд пул ечиб беришни сўрайди. Бу эса Саҳобиддинга роса қўл келади. Нақд пулни кассадан олган С.Одилов онахонга ўзининг пластик картасини тутқазган. Жума куни қўлга киритилган картада 13 миллион сўмга яқин пул тўпланган экан. У бу пулларни душанбага ҳам қолдирмади.

Аммо ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам уни кўп куттирмади.

Судланувчи Саҳобиддин Одиловга нисбатан жазоларни қисман қўшиш йўли билан 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазо умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Абдуҳаким ОЛТИБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.