Самарқандлик бошқирдлар барча жабҳада фаол бўлишга интилади

Ўзбекистонда тинч ва тотув ҳаёт кечираётган турли миллат вакиллари қатори бошқирд миллатига мансуб аҳоли ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бугунги кунда улар Татар-бошқирд миллий маданий марказига бирлашган ҳолда ўз тарихи, тили, қадимий урф-одатлари ҳамда миллий либосларини асраб-авайлаб келмоқда. Ҳар йили Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган байрам тадбирларида Татар-бошқирд миллий маданий марказининг ижодий жамоаси томонидан миллий куй-қўшиқлар ва рақслар намойиш этиб келинмоқда.

Бу ҳақда яқинда вилоятимизга келган Бошқирдистон Президенти Радий Хабиров раҳбарлигидаги расмий делегация аъзоларининг юртимизда истиқомат қилувчи бошқирд диаспораси вакиллари билан учрашганида алоҳида таъкидланди. Қардош давлат раҳбари Ўзбекистонда яшаб, меҳнат қилаётган миллатдошларининг турмуш тарзи, ҳаёти, миллий санъати ва маданиятини сақлаб келаётганлигидан мамнунлигини билдирди. 

Ташриф доирасида Бошқирдистон ва Ўзбекистон миллий кутубхоналари, Ф.Гаскаров номидаги Давлат академик халқ ансамбли ва Ўзбекистон давлат филармонияси, Бошқирдистон Миллий музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бошқирдистон Президенти бир гуруҳ ўзбекистонлик башқирдлар қатори менга ҳам фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғасини топширди. 

Меҳмонлар учун ташкил этилган икки республика санъат усталари ва ижодий жамоаларининг “Юракдан юракка” деб номланган қўшма концертида Бошқирдистон ва Татаристон халқ артисти, Ўзбекистон давлат филармонияси Давлат Хор капелласи солисти Феруза Халдарова ижросидаги куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Аҳмед Субҳонқулов,

вилоят татар-бошқирд миллий маданий маркази раҳбари.