Самарқандлик ижодкорлар Нукусда
Нукус туманида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси – Самарқанд вилояти маданияти ва санъати фестивали ўтказилмоқда.
Бугун тонгда 100 нафарга яқин самарқандлик маданият ходимлари, таниқли шоир ва ёзувчилар, театр ва кино актёрлари Нукусда тантанали кутиб олинди.
Тумандаги таълим муассасалари, маҳаллаларда қорақалпоғистонлик ва самарқандлик ижодкорлар иштирокида турли маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказилмоқда.
15-болалар мусиқа ва санъат мактабидаги шундай учрашувда бугунги адабий жараён, миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, истеъдодли ёшларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ҳақида сўз юритилди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташббуснинг бири ёшларни мусиқа ва санъатга ошно этиш ҳисобланади, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров. – Шундан келиб чиқиб, бугун жойларда ёшларни санъатга қизиқтириш, бу борада истеъдоди бор йигит-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нукусда ҳам бундай ёшлар кўплигига амин бўлдик. Бугун уларга маҳорат сабоқлари ўтиб, миллий мусиқа санъатимиз, мақом ва бахшичилик анъаналари ҳақида маълумот бердик.
Тадбирлар доирасида самарқандлик киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Жондан азиз” бадиий фильми тақдимоти ва намойиши ўтказилди.