Самарқандлик журналистлар байрам муносабати билан тақдирланди

Аввал хабар берганимиздек, Кимёгарлар қўрғонидаги “Нурафшон” маданият саройида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ижодкор журналистларни, блогерларни, ахборот хизмати ходимларини, матбаачиларни байрам билан табриклади.
Бугун ҳаётимизни оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур эта олмаймиз, - деди вилоят ҳокими. – Аслида шиддаткор давр, замон тараққиёти ОАВга ҳаётимизнинг ажралмас қисми сифатида қарашни тақозо этади. Юртимиздаги пандемия шароитида ҳам барча ахборот узатиш тармоқлари, газеталар, телерадиокомпания, радио ва интернет нашрлари, мустақил блогерлар тезкор янгиликлар тарқатишда фаол иштирок этди. Уларнинг ўз ҳаловатидан кечиб фаолият юритгани эътиборга лойиқ. Жамиятимиздаги муаммо ва камчиликлар сиз, журналистларнинг ўткир қаламингиз сабаб ўз ечимини топаяпти.
Вилоят ҳокими вилоятимизда фаолият юритаётган газеталарнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали ахборот етказишда фаоллигини, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда олиб борилган ишлар ҳақида сўз юритди.
Шундан сўнг оммаий ахборот воситалари ходимларининг бир гуруҳи фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
- Бундан бир аср олдин ўзбек тилида газета чоп этилиб, миллий журналистикамизга тамал тоши қўйилган эди, - деди Kun.uz сайти мухбири Ўткир Жалолхонов. – Бугун унинг ривожи, янада тараққий этиши учун оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳар соҳада ўз фаоллигини кўрсатмоқда. Журналист нафақат оммага тезкор ахборот етказиши, балки унинг холислигига ҳам масъулият билан ёндашиши лозим. Бугунги эътироф ва эътибор, бизни янада куч-ғайрат билан ишлашга, халқимизни қийнаётган жамиятимиздаги муаммоларга қарши курашга ва уларга ечим топишга кўмак беради.
Тадбир сўнггида санъаткорларимиз томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага байромона кайфият улашди.