Самарқандлик ошпазлар халқаро танловда муносиб иштирок этди

Хитой Халқ Республикасининг Синдао шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида “Ошпазлар қироли” халқаро танлови ташкил этилди.

Ушбу нуфузли танловда Самарқанд вилояти вакиллари ҳам муносиб иштирок этди. 

Танловда “Чемпион ош” номи билан танилган моҳир ошпаз Абдуманнон Нусратов бошчилигидаги жамоа миллий таомларимизни юқори маҳорат билан намойиш этиб, ўзбек пазандачилик санъатининг бой анъаналари ва бетакрор таъмини халқаро майдонда кенг тарғиб қилди. 

Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Мянма ҳамда Хитой вакиллари иштирок этган танлов якунида самарқандлик ошпазлар ўзбек миллий таомларини намойиш этишда алоҳида эътироф этилди ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Мазкур халқаро танлов миллий гастрономик меросни тарғиб этиш, халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг гастрономик туризм салоҳиятини халқаро миқёсда кенг намоён этишга хизмат қилмоқда.