Самарқандлик талабалар халқаро математика олимпиадасида юқори натижаларни қўлга киритди

13–18 апрель кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида “ОМОУС–2025” Халқаро очиқ математика фан олимпиадаси ўтказилди.

Унда дунёнинг бир қатор мамлакатларидан 600 нафардан зиёд талаба иштирок этди ва баҳслашди. Мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон-Финландия педагогика институтининг Эрали Бойқобилов, Меҳрож Отамуродов, Эъзоза Илҳомова ва Асилбек Бойматов каби билимдон ёшлари иштирок этиб, салмоқли натижаларга эришди.

Хусусан, индивидуал беллашувлар якунига кўра, Эрали Бойқобилов кумуш медаль соҳибига, Эъзоза Илҳомова эса бронза медаль совриндорига айланди.

Шунингдек, гуруҳ баҳсларида барча талабалар билимлари эвазига жамоавий бирдамлик кўрсатиб, бронза медалини қўлга киритди.

– Бундай халқаро мусобақалар нафақат шахсий салоҳиятни оширади, балки бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва жамоавий ғалабага эришиш руҳини шакллантиради, – дейди Эрали Бойқобилов. – Эришилган ютуқларда бизга чуқур билим берган ва қўллаб-қувватлаган устозларимизнинг ўрни беқиёс.

Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ахборот хизмати.